Россия Украинага ёрдам бераётган АҚШни “қўрқитиб қўйди”
Олам
−
22 Март 2022
73299Вашингтон Россия билан муносабатларнинг кескинлашувидан воз кечиши ва Украинага қурол-яроғ етказишни бас қилиши керак. Бу ҳақда Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков маълум қилди.
“Муносабатларни сақлаб қолиш учун нима қилиш керак деган саволни қўйиш, албатта, тўғри. Улар (АҚШ) шунчаки оғзаки ва Киев режимига қурол-яроғ етказиш нуқтаи назаридан кучайишни тўхтатишлари керак. Россияга таҳдид қилишни бас қилишлари керак”, деган у.
Шу билан бирга, Рябковнинг сўзларига кўра, Вашингтон Киевга ижобий таъсир кўрсатишга деярли тайёр эмас, ваҳоланки, бу Россия Федерацияси ва АҚШ ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш учун маълум бир истиқболни белгилаб беради.
“Агар улар (АҚШ) Киевга қандайдир ижобий таъсир кўрсатишга муваффақ бўлса, мен бунга нафақат шубҳа қиламан, балки бу содир бўлмаслигига ишончим ҳам комил, афсуски, у ҳолда (Россия-Америка) муносабатларини нормаллаштириш учун ўлчовли истиқбол мавжуд бўлади”, деган вазир ўринбосари.
Унинг таъкидлашича, айни пайтда Москва Америка томонининг айби билан Вашингтон билан муносабатларида пасайиш тенденциясини тузатмоқда.
“Биз буни афсус билан қабул қиламиз, бироқ бу (Россия Федерациясининг Украинадаги) махсус ҳарбий операцияси мақсадларига эришиш йўлида ҳаракат қилиш қароримизга ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди”, дейди Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири ўринбосари.
Унинг таъкидлашича, Қўшма Штатларнинг ҳаракатлари Россиянинг ўзига қарши жорий этилган санкцияларга мослашишига тўсқинлик қила олмайди.
Вазир ўринбосари кеча, 21 март куни АҚШнинг Москвадаги элчиси Жон Салливан Россия дипломатик миссиясига чақирилганини эслатган.
“Кеча Америка элчисига норозилик нотаси топширилди, унда содир бўлаётган воқеалар (Россия Федерацияси ва Қўшма Штатлар) муносабатларини бузиш ёқасига қўйгани қайд этилган. Яна бир бор таъкидлайманки, бу масала Америка Қўшма Штатлари томонидан танланадиган қаторда”, дея хулоса қилган дипломат.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси