Россия Украинага тинчлик шартномасини бермади – Зеленский

Олам 8856
image

Украина Президенти Владимир Зеленский Россия тинчлик ҳужжати лойиҳасини расмий Киевга бермаганини айтди. Бу ҳақда у Европа кенгаши президенти Шарль Мишель билан учрашув якунларига бағишланган брифингда маълум қилди.

“Мен бу ҳақда ҳеч нарса эшитмадим. Ишончим комилки, улар бизга ҳеч нарса беришмаган. Тўп биз томонда. Умуман олганда, мен тинчлик даврида жуда яхши футбол ўйнардим. У ерда қандай қоидалар бор: иккита жамоа бўлиши ва тўп бўлиши керак. Бу ўринда, менимча, у ўзи билан футбол ўйнаяпти, жаноб Песков”, деган Зеленский.

У бундай жиддий нарсалар билан ўйнамасликларини таъкидлаган.

“Биз буни жуда жиддий қабул қилишимиз керак. Шунинг учун улар бизга тўп беришлари биланоқ дарвозага қандай зарба берганимизни албатта кўрсатамиз”, деган Украина Президенти.

Эслатиб ўтамиз, Россия Президенти Матбуот котиби Дмитрий Песков Украинага келишув ҳужжати топширилганини, унда барчаси аниқ кўрсатилганини айтганди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 11
Рейтинг: 2.8
t
×