Россия Украинага келишув лойиҳасини топширган – Кремль

Олам

image

Россия Украина билан инқирозни тугатиш бўйича ҳужжат лойиҳасини топширган, аммо Киев унга жавоб қилишга шошмаяпти. Бу ҳақда Россия Президентининг Матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.

Кремль вакили Украина томони доимий равишда аввал эришилган позициядан чекинаётганини, уни доимий ўзгартираётганини, бу эса музокараларнинг боришига салбий таъсир қилаётганини таъкидлаган.

“Украина томонига ҳужжат лойиҳаси топширилди. Унда матнлар аниқ шакллантирилган. Тўп уларнинг томонида. Жавобни кутмоқдамиз”, дея қўшимча қилган Песков.

Унинг қайд этишича, Москва бир неча бор Киевнинг ечим ишлаб чиқишни тезлаштиришни истамаслигига ишора қилган ва ҳозирда “украиналиклар музокаралар жараёнини фаоллаштиришга катта мойиллик кўрсатмаяпти”.

РФ Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 7 апрель куни Киев вакиллари музокараларда 29 март куни Истанбулда бўлиб ўтган йиғилишда қайд этилган энг муҳим бандлардан четга чиққан келишув лойиҳасини топширганини айтганди. 

Маълумот ўрнида, Россия-Украина музокаралари 28 февралда, Россиянинг Украинага қарши ҳарбий юришининг тўртинчи куни бошланди. Беларусда бир нечта учрашувлар бўлиб ўтди, кейин музокарачилар видео алоқа орқали мулоқотни давом эттирди. 10 март куни Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтган дипломатик форум доирасида Туркия Россия ва Украина Ташқи ишлар вазирлари Сергей Лавров ва Дмитрий Кулебанинг учрашувини ташкил қилди. 29 март куни эса Истанбулда юзма-юз музокаралар бўлиб ўтди. Унинг якунлари бўйича Россия делегацияси Украина томонидан ўрганиб чиқиладиган ва мамлакат раҳбариятига етказиладиган аниқ шаклланган позиция ва таклифларни олди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

26

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг