Россия Украинага қанча асирни қайтариб бергани очиқланди
Олам
−
03 Август 2022
10986Россия ва Украина ҳарбий асирлар ҳамда ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг жасадларини алмашиш бўйича 27 та операция ўтказди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазири ўринбосари Александр Фомин бугун, 3 август куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.
“Халқаро Қизил Хоч қўмитаси иштирокида Киев билан ҳарбий асирлар ва ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг жасадларини алмашиш бўйича мулоқот ташкил этилди. Шу кунгача 27 та шундай операция ўтказилди”, дейди Фомин.
Унинг айтишича, Россия Федерацияси Мудофаа вазирлигида ҳарбий асирлар учун доимий тиббий комиссия тузилган ва Украина ҳарбийларини Ватанига қайтариш ишлари ўз вақтида амалга оширилмоқда. Хусусан, 18 киши Ватанига ўтказилган.
“Россия Мудофаа вазирлигида касал ва ярадор ҳарбий асирларни текшириш учун доимий тиббий комиссия тузилди. Комиссия Женева конвенциясига асосланган тавсия ва тамойиллар асосида ишлайди. Украина ҳарбийларини ватанига қайтариш ишлари ҳам ўз вақтида амалга оширилмоқда.Комиссия қарорларига кўра, айни дамда 18 киши Украинага топширилди”, дейди у.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь