Россия Украинадаги 12,4 трлн долларлик конларни ўз назоратига олди – ОАВ

Олам 8611
image

Украинадаги уруш бошланганидан бери Киев назоратидаги 12,4 трлн долларлик фойдали қазилма конлари Россия қўлига ўтди. Бу ҳақда “The Washington Post” газетаси Канаданинг геосиёсий хатарларни ўрганиш билан шуғулланувчи SecDev компанияси томонидан ўтказилган таҳлилга таяниб, маълум қилди.

Қайд этилишича, Россия босқин натижасида 41 та кўмир, 27 та табиий газ, 14 та пропан, 9 та нефть, 6 та темир рудаси, 2 та титан рудаси, 2 та цирконий рудаси, литий, уран ва олтин конларини қўлга киритган.

Ушбу конлардаги фойдали қазилмалардан авиация учун бутловчи қисмларни яратишда фойдаланилиши мумкин. Уруш давомида Украина ўз конларининг учдан икки қисмидан бутунлай айрилиши эҳтимоли бор.

“Агар европаликлар нефть ва газ манбаларини тезда диверсификация қила олмаса, улар Россия углеводородларига қаттиқ қарам бўлиб қолади”, деган SecDev ҳаммуассиси Роберт Магга.

Маълумот учун, март ойида Америка Қўшма Штатлари ва Канада Россия нефтини импорт қилишдан бош тортди, Европа Иттифоқи эса май ойида шундай қарорга келди. G7 давлатлари ҳам бу масалани муҳокама қилишни режалаштирган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Европа мамлакатлари аллақачон Россия нефтини етказиб беришни алмаштиришни бошлаган. Мисол учун, май ойининг охирида Бирлашган Араб Амирликлари икки йиллик танаффусдан сўнг Европага нефть етказиб беришни тиклади.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 31
Рейтинг: 3.1
t
×