Россия Украина урушида муваффақиятсизликка учради – Олаф Шольц

Олам 9622
image

Россиянинг Украинага босқинчилик уруши муваффақиятсиз бўлди. Бу ҳақда бугун, 26 май куни Германия канцлери Олаф Шольц Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумидаги нутқида айтиб ўтди.

“Ҳозирда Россия Президенти Владимир Путин ўзининг барча стратегик мақсадларини барбод қилди. Бугун Россия бутун Украинани қўлга киритиш уруш бошидагидан кўра камроқ имкониятга эга”, дейди Олаф Шольц.

Шу билан бирга, Шольцнинг сўзларига кўра, Путин НАТО, Европа Иттифоқи ва G7 давлатларининг “бирдамлиги ва қудратини” етарлича баҳоламаган.

“Мақсад мутлақо аниқ – Путиннинг ўз урушида ғалаба қозонишига йўл қўйиб бўлмайди. Мен у ғалаба қозонмаслигига ишончим комил”, дейди ГФР канцлери.

Шунингдек, у Россия Президентининг ҳукмронлик ҳақидаги даъволарига қарши чиқишга чақирди.

“Путинга диктатура шароитида тинчлик бўлмаслигини аниқ кўрсатиш лозим. Украина ҳам, биз ҳам буни қабул қилмаймиз”, дейди Шольц.

Ўз нутқида канцлер ГФР ҳозирда биринчи марта уруш ҳудудига қурол етказиб бераётганини ҳам таъкидлади.

“Путин Украина мудофаасини синдира олмаслигини тушунсагина, жиддий тинчлик музокараларини олиб боради”, дейди у.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Камронбей Кенжаев

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 21
Рейтинг: 2.8
t
×