Россия-Украина ўртасида тинчлик ўрнатилиши энг кўп кимга “ёқмаслиги” айтилди 

Олам 26225
image
-

Америка Қўшма Штатлари Европадаги вазиятни атайлаб беқарорлаштиради ҳамда Россия ва Украина ўртасидаги ҳарбий ҳаракатларни тугатишдан энг кам манфаатдор. Бу фикрни Хитойнинг “Global Times” газетаси муаллифлари билдирган. 

“Қўшма Штатлар бутун Европа бўйлаб энг катта беқарорлаштирувчи омил ҳисобланади. Қўшма Штатлар Россия Федерацияси ва Украина ўртасида ўт очишни тўхтатиш келишувидан бошқаларга қараганда камроқ манфаатдор”, дейилади хабарда. 

Унда айтилишича, Вашингтон Россия-Украина тинчлик музокараларини олға силжитмоқчи эмас, аксинча, можарони кучайтиришга, муросага келишга тайёрлигини билдирган Москва ва Киевнинг қарорини совутишга ҳаракат қилмоқда. Муаллифларнинг қайд этишича, агар ўз хавфсизлигини кафолатлашга интилаётган ҳар икки томоннинг хавотирлари инобатга олинса, жорий вазиятда АҚШ, шунингдек, НАТОнинг роли автоматик равишда заифлашади. 

“Қўшма Штатлар, шубҳасиз, [ижобий] натижаларни кўришни истамайди”, дейилади мақолада. 

Газета муаллифларининг таъкидлашича, Украина можароси “Украина ва Қўшма Штатларни янада чамбарчас боғлаган”, шу муносабат билан Киев “Вашингтон билан янада кўпроқ мувофиқлашади”. 

Аввалроқ, Буюк Британия Россия ва Украина ўртасида тинчлик битимининг жуда эрта имзоланишига қарши, деган фикрлар пайдо бўлганди. Қайд этилишича, Лондон Украина ҳарбий мавқеини яхшиласа, кейин келишувга эришиш керак, деб ҳисоблайди. 

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 84
Рейтинг: 3.1
t
×