Россия-Украина музокараларида Москва қўядиган талаб маълум бўлди
Олам
−
07 Март 2022
23062Россия Федерацияси делегацияси бугун, 7 март куни Россия-Украина делегациялари музокараларининг бўлажак учинчи раундида гуманитар коридорлар иши мавзусини яна кўтаришга ҳаракат қилади. Бу ҳақда Россия делегацияси раҳбари, Президент ёрдамчиси Владимир Мединский Украина билан музокараларнинг учинчи раунди бошланишидан олдин айтиб ўтди.
“Биз бугун Украина томони билан гуманитар коридорларнинг ишлаш тартибини муҳокама қилишга яна уриниб кўрамиз, чунки биз ваъда қилган барча шаҳарларда йўлаклар армиямиз ва Донбасс қуролли кучлари томонидан очиқ, отишма тўхтатилди”, дейди у.
Унинг қайд этишича, “сукут режими” амал қилаётган ҳудудларда одамлар бехавотир ташқарига чиқиши мумкин.
Шунингдек, Мединский, Россия Федерацияси Украинадаги гуманитар йўлакларнинг ҳеч бири тўлиқ ишламаётганидан афсусдалигини билдирган. Унинг эслатишича, охирги учрашувда ҳарбий тўқнашувлар ва жанговар ҳаракатлар содир бўлаётган шаҳарлардан тинч аҳолининг чиқиши учун гуманитар йўлакларни яратиш бўйича келишувга эришилган
"Россия томони зудлик билан, эртаси куни бу коридорларни очишга тайёр эди. Афсуски, уларнинг деярли ҳеч бири тўлиқ ишламади”, дейди Мединский.
У Украина миллатчиларининг тинч аҳолини эвакуация қилишга тўсқинлик қилиш билан боғлиқ ҳаракатларини “уруш жинояти” деб атади.
Украина ва Россия ўртасидаги музокараларнинг учинчи раунди бугун, 7 март куни Беловежская Пуша (Беларусь)да Киев вақти билан соат 16:00 (Тошкент вақти билан 19:00)да бўлиб ўтиши белгиланган.
“Россия делегацияси Украина томони билан келишилган ҳолда музокараларни бошлаш учун бугун етиб келди. Украина учун бироз кечикиш дипломатик анъанага айланган. Биз кутамиз, музокарага тайёрмиз. Масалаларнинг барча уч блоки – ички сиёсий тартибга солиш, халқаро гуманитар жиҳатлар ва ҳарбий жиҳатдан тартибга солиш масалалари муҳокама қилинади”, дейди Россия Президенти ёрдамчиси.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 7 март куни Россия Федерацияси Қуролли Кучлари “сукут режими”ни эълон қилиб ва соат 10:00 дан бошлаб тўртта шаҳардан – Киев, Харьков, Суми ва Мариуполдан гуманитар йўлакларни очиши ҳақида хабар берди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси