Россия Одессага ракеталар билан зарба берди
Олам
−
24 Апрель 2022
24845Россия Қуролли Кучлари юқори аниқликдаги ракеталари билан Одесса яқинидаги ҳорижий қуроллар сақланадиган ҳарбий аэродромдаги логистикага зарба берди. Бу ҳақда Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги расмий вакили генерал-майор Игорь Конашенков маълум қилди.
“Бугун (23 апрель) куннинг иккинчи ярмида Россия Аэрокосмик кучларининг юқори аниқликдаги узоқ масофали ҳаводан учириладиган ракеталари Одесса яқинидаги ҳарбий аэродромдаги логистика терминалини ишдан чиқарди. У ерда АҚШ ва Европа давлатларидан олинган хорижий қуролларнинг катта партияси сақланади”, дейди Конашенков.
Конашенковнинг сўзларига кўра, Россия қўшинлари кун давомида Россия Аэрокосмик кучларининг юқори аниқликдаги ҳаво-десант ракеталари билан Украинанинг 22 ҳарбий объектига зарба берган, оқибатда 200 га яқин ҳарбийлар ҳалок бўлган.
"Кун давомида Украинанинг 22 та ҳарбий объекти Россия Аэрокосмик кучларининг юқори аниқликдаги ҳаво ракеталари, шу жумладан батальоннинг иккита қўмондонлик ва кузатув пункти ҳамда бригаданинг битта қўмондонлик пункти, 11 та таянч қўмондонлик пункти, шунингдек Украина Қуролли кучларининг ишчи кучи ва ҳарбий техникаси жойлашган ерларга зарба берилди. Украиналикларнинг йўқотишлари 200 нафар шахсий таркиб ва 30 дан ортиқ зирҳли техника ва автомобилни ташкил қилди”, дейди генерал-майор.
Унга кўра, Ильичевка ва Краматорск туманларида қурол-яроғ, ҳарбий техника ва ўқ-дорилар сақланадиган учта омбор йўқ қилинган. Шунингдек, Россия Аэрокосмик кучларининг самолётлари Украинанинг 79 та ҳарбий объектига, жумладан, учта Бук-М1 комплекси ва битта “Тор” зенит-ракета комплексига зарба берган.
“Россия Аэрокосмик кучларининг тезкор-тактик ва армия авиацияси Украинанинг 79 та ҳарбий объектига зарба берди. Улар орасида олтита қўмондонлик пункти, 52 та ишчи кучи ва Украина ҳарбий техникаси тўпланган ҳудуд, шунингдек 16 та ракета ва артиллерия, қурол, ўқ-дори ҳамда ёқилғи омбори бор", дея қўшимча қилди Конашенков.
Генерал-майорнинг сўзларига кўра, Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Изюм ва Херсон аҳоли пунктлари ҳудудларида Украинанинг учта учувчисиз учиш аппаратини, жумладан, Харьков вилоятининг Лозовая аҳоли пункти устидаги битта Bayraktar TB-2 дронини ҳам йўқ қилган.
Украина томони ўз навбатида, Одессага ҳужум чоғида қабристонга ракета келиб тушганини маълум қилган. Оқибатда қабристоннинг 1 000 квадрат метрдан кўпроқ майдони вайрон бўлган.
Шунингдек, Одесса авиазарба остида қолиши сабаб 5 киши ҳалок бўлган, 18 киши жароҳатланган. Ҳалок бўлганлар орасида чақалоқ ҳам бор.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси