Россия Николаевга еттита ракета билан зарба берди

Олам 15328
image
-

Россия ҳарбийлари Украина жанубидаги Николаев шаҳрига ракетадан зарба берди. Шаҳарга жами еттита ракета учирилган. Бу ҳақда УНИАН хабар берди.

Қайд этилишича, ҳаво ҳужуми оқибатида бир киши ҳалок бўлган, икки нафари жароҳатланган. Шунингдек, икки корхона ва бир қанча кўп қаватли уй зарар кўрган.

“Айни пайтда ҳудудда ёқилғи-мойлаш материаллари мавжуд бўлган иккита хусусий корхона талафот кўргани ҳақида маълумотлар бор. Битта мактаб шикастланган: деразалари синган, томи зарар кўрган ва бешта кўп қаватли уй ... уларнинг кириш эшиклари, деразалари вайрон бўлган”, дейди шаҳар раҳбари Александр Сенкевич ҳодиса ҳақида маълумот бериб.

Шунингдек, Сенкевичнинг сўзларига кўра, яна тўртта хусусий уйнинг деразалари, эшиклари ва томлари зарар кўрган.

Бундан ташқари, корхоналардан бирига ракета тушиши натижасида материаллар ёниб кетган, бунинг ортидан деярли бутун шаҳар қора тутун билан қопланган.

“Ўт ўчирувчилар ишламоқда, лекин аслида у ерда ҳамма нарса ёниб кетиши керак, чунки уни ўчиришнинг иложи йўқ”, деган мэр.

Ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар ҳақида маълумотлар аниқлаштирилмоқда, деган Сенкевич.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 33
Рейтинг: 3.2
t
×