Россия Мудофаа вазирлиги Украинанинг муҳим ҳарбий объектлари йўқ қилинганини очиқлади
Олам
−
02 Апрель 2022
19287Махсус ҳарбий операция бошлангандан бери Россия Қуролли Кучлари Украина қуролли кучларининг 381 та учувчисиз учиш аппарати, 1888 та танки ва 205 та кўп ракета мосламасини йўқ қилди. Бу ҳақда бугун, 2 апрель куни Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги расмий вакили генерал-майор Игорь Конашенков маълум қилди.
“Махсус ҳарбий операция бошланганидан буён жами 125 та самолёт ва 88 та вертолёт, 381 та учувчисиз учиш аппарати, 1 888 та танк ва бошқа зирҳли жанговар техникалар, 205 та кўп сонли ракета мосламаса, 793 та дала артиллерия тўплари ва миномётлари, шунингдек, 1 771 та махсус ҳарбий техника йўқ қилинди”, дейди вазирлик вакили.
Қайд этилишича, кун давомида Россия Аэрокосмик кучларининг тезкор-тактик авиацияси Украинанинг 28 та ҳарбий объектига зарба берган.
Конашенковга кўра, Россия қуролли кучлари Полтава вилоятидаги Миргород ҳарбий аэродромини яроқсиз ҳолга келтирган, Украинанинг бир нечта жанговар вертолётлари ва самолётини йўқ қилган.
“Полтава вилоятидаги Миргород ҳарбий аэродроми яроқсиз ҳолатга келтирилди ва унинг тураргоҳларида топилган бир қанча Украина жанговар вертолётлари ва самолётлари, шунингдек, ёқилғи ва авиация қуроллари сақланадиган омборхоналари йўқ қилинди”, дейди вазирлик вакили.
Унинг айтишича, Россия Қуролли кучлари Украинадаги Лозовая ва Павлоград темир йўл станциялари ҳудудларида зирҳли техника, ўқ-дорилар ва ёқилғи бакларини юқори аниқликдаги ҳаводан учириладиган ракеталар билан йўқ қилган.
“2 апрель куни тушдан кейин Лозовая ва Павлоград темир йўл вокзаллари ҳудудларида юқори аниқликдаги ҳаводан учириладиган ракеталар: Донбасдаги Украина қўшинлари гуруҳини мустаҳкамлаш учун юборилган зирҳли техника, ўқ-дорилар ва ёнилғи бакларини йўқ қилди”, дейди Конашенков.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь