Россия қўшинлари Чернобил АЭСни эгаллаб олишга ҳаракат қилмоқда – Зеленский

Олам

image

Россия босқинчи кучлари Чернобил атом электр станциясини эгаллаб олишга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский Twitter’да маълум қилди. 

"Ҳимоячиларимиз 1986 йилги фожиа бошқа такрорланмаслиги учун жонларини беришмоқда. Бу бутун Европага уруш эълон қилишдир", деб ёзади у. 

Айни вақтда Россия ҳарбий кучлари Беларусь ҳудудидан Чернобил АЭС зонасига кирган. Бу ҳақда Украина Ички ишлар вазирлиги раҳбари маслаҳатчиси Антон Герашченко ўзининг Facebook’даги саҳифасида маълум қилди. 

"Хавфсиз радиоактив чиқиндилар омборини қўриқлаётган Миллий гвардиячилар қаттиқ қаршилик кўрсатмоқда. Агар ядровий чиқиндилар омбори артиллерия зарбалари натижасида вайрон бўлса, радиоактив чанг Украина, Беларусь ва Европа Иттифоқи давлатлари ҳудудларини қамраб олиши мумкин",  дейди у. 

Россиянинг Украинага босқини

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.

Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.

Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

337

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг