Россия Қуролли Кучлари Украинанинг Херсон шаҳрини тўлиқ эгаллаб олди
Олам
−
02 Март 2022
13224Украинанинг Херсон шаҳри Россия Қуролли кучлари томонидан тўлиқ назорат остига олинди. Бу ҳақда бугун, 2 март куни бўлиб ўтган брифингда Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили Игорь Конашенков маълум қилган.
"Россия қуролли кучларининг бўлинмалари Херсон вилояти марказини тўлиқ назорат остига олди. Фуқаролик инфратузилмаси, аҳоли ҳаётини таъминлаш объектлари ва шаҳар транспорти ҳар куни ишламоқда. Шаҳарда озиқ-овқат ва зарур товарлар тақчиллиги сезилмайди", дейди Конашенков.
Унинг қўшимча қилишича, Херсонда ижтимоий инфратузилма объектларининг фаолиятини таъминлаш юзасидан мутасадди ташкилотлар билан ҳам музокаралар олиб борилмоқда.
Украинанинг йўқотишлари
Украинада махсус ҳарбий операция бошлангандан бери Россия Федерацияси Қуролли Кучлари Украина Қуролли Кучлари ҳарбий инфратузилмасининг 1502 та объектини ишдан чиқарган.
Ҳаммаси бўлиб, операция давомида Украина ҳарбий инфратузилмасининг 1502 объекти яроқсиз ҳолга келтирилди. Улар орасида Украина қуролли кучларининг 51 та қўмондонлик пункти ва алоқа марказлари, 38 та С-300 ҳаво мудофааси ракета тизимлари, “Бук М-1” ва “Оса” зенит-ракета комплекслари, 51 та радар станциялари бор.
Унга кўра, ердаги 47 та самолёт ва ҳавода 11 та самолёт, 472 та танк ва бошқа зирҳли жанговар техника, 62 та реактив ракета тизими, 206 та дала артиллерия ва миномётлари, 336 та махсус ҳарбий техника, 46 та учувчисиз учиш аппарати йўқ қилинган.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ ва Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь