Кремль Қирғизистонга молиявий ёрдам кўрсатиш нега тўхтатилганини айтди

Олам 8522
image

Кремль Қирғизистондаги сиёсий вазият барқарорлашгунча молиявий ёрдамни тўхтатиб қўйишни тўғри деб билади. Бу ҳақда Россия Федерацияси Президенти Матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилган. 

“Кремль Қирғизистонга сиёсий вазият яхшиланмагунча, молиявий ёрдамни тўхтатиб қўйишдан фойда кўради”, дейди Песков. 

Расмий хабарларда қайд этилишича, Қирғизистондаги сиёсий вазият барқарорлашгунига қадар Москва Бишкекка молиявий кўмак кўрсатмайди. 

"Ҳозирда Қирғизистонда анъанавий Ҳукумат йўқ ва биз мамлакатда инқирозли ҳолатни кузатяпмиз. Шунинг учун, албатта, барча идоралар, барча ташкилотлар иш бошлашидан олдин, маълум бир вақт танаффус қилиш мантиқан тўғри, деб биламиз", дейди Песков.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистондаги сиёсий инқироз мамлакат парламенти спикери ва Бош вазир алмашишига, бунинг ортидан эса Президент истеъфо беришига олиб келди. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтди. Сайловнинг дастлабки натижасидан норози партиялар тарафдорлари Бишкекда норозилик намойишини бошлади. Кейинроқ намойиш тартибсизликка айланиб кетди. 

Намойишчилар аввало мамлакат парламенти биноси – Оқ уйни эгаллади. Бу бинода Президент Администрацияси ҳам жойлашган. 6 октябрь эрталаб Ҳукумат биноси ҳам намойишчилар қўлига ўтгани маълум бўлди.

Бундан ташқари, акция иштирокчилари Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига бостириб кириб, у ерда сақланаётган собиқ Президент Алмазбек Атамбоевни озод қилди. Шунингдек, сиёсий маҳбуслардан собиқ Бош вазир Сапар Исаков ҳам қамоқдан чиқарилди. Озод қилинганлар орасида Бишкек шаҳрининг собиқ мэри Албек Ибраимов ҳам бор.

Сооронбай Жээнбеков юз бераётган тартибсизликлар бўйича баёнот бериб, баъзи сиёсий кучлар давлат ҳокимиятини ноқонуний равишда эгаллаб олишга уринганини айтиб ўтди.

Намойишлар авж олган паллада Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини тан олмаслик ҳақида қарор қабул қилди.

Ҳозиргача Жўқорғу Кенеш спикери Дастан Жумабеков ва мамлакат Бош вазири Кубатбек Боронов истеъфога чиқди. Кейинроқ парламентга Канат Исаев спикер этиб сайланди.

Ўзбекистон қўшни Қирғизистонда юз бераётган воқеаларга муносабат билдириб, жиддий ташвишда эканини билдирди.

Жээнбеков вазиятни изга солиш учун 9 октябрь куни Бишкекда фавқулодда ҳолат эълон қилди. Кейинроқ бу режим яна узайтирилди. Ҳарбийларнинг Бишкекка кириши натижасида намойишлар ва талончиликлар тўхтади.

Бугун, 15 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати Қирғизистоннинг янги Ҳукуматини тан олди

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 100
Рейтинг: 3
t
×