Россия Қашқадарёдан помидор ва қалампир импортига тақиқ қўйди
Жамият
−
09 Декабрь 2020
8313Қашқадарё вилоятида етиштирилган помидор ва қалампир маҳсулотларида вирус аниқланганидан сўнг “Россельхознадзор” ушбу вилоятда етиштирилган икки турдаги маҳсулотнинг Россия ҳудудига олиб кирилишига тақиқ ўрнатди. Тартиб жорий йилнинг 11 декабридан кучга киради.
Ҳужжатда кўрсатилишича, Ўзбекистондан импорт қилинган помидорлар карантинли фитосанитария назоратидан ўтказилганга, уларда жигарранг ажин вируси аниқланган.
“Фитосанитар барқарорликни сақлаш ва аниқланган объектнинг Россия ҳудудида тарқалишининг олдини олиш мақсадида жорий йил 11 декабрдан бошлаб, Россияга Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилоятидан помидор ва қалампир импорт қилишга тақиқ қўйилади”, дейилади хабарда.
“Россельхознадзор” Ўзбекистоннинг яна икки вилоятидан – Фарғона (26 ноябрь) ва Навоий вилояти (4 декабрь)дан келтирилган помидорларда жигарранг ажинлар вируси топилгани муносабати билан ушбу икки турдаги маҳсулот импортига тақиқ қўйилганини эслатган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 26 ноябрь куни Россиянинг Ветеринар ва фитосанитар назорат федерал хизмати (Россельхознадзор) Фарғона вилоятида етиштирилган помидор ва қалампирни мамлакат ҳудудига киритишни тақиқлаганди.
Шунингдек, “Россельхознадзор” Ўзбекистондан келган қуритилган ўрик партиясида хапра қўнғизи аниқлангани сабабли, Фарғона вилоятидан барча турдаги ўсимлик маҳсулотларини олиб киришни тақиқлаган.