Россия Фарғонадан барча ўсимлик маҳсулотларини олиб киришни тақиқлади

Олам

image

Россиянинг Ветеринар ва фитосанитар назорат федерал хизмати (Россельхознадзор) Ўзбекистондан келган қуритилган ўрик партиясида хапра қўнғизи аниқлангани сабабли, Фарғона вилоятидан барча турдаги ўсимлик маҳсулотларини олиб киришни тақиқлади. Бу ҳақда Россельхознадзор хабар берди.

Бугун, 7 декабрь куни Россельхознадзор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси билан видеоконференция шаклида музокара ўтказган.

Томонлар Россельхознадзор томонидан карантинли фитосанитария назорати вақтида Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятидан келтирилган қуритилган ўрикда (1 тонна) хапра қўнғизи аниқланганини муҳокама қилган. 2 та зараркуранда 1 кг маҳсулот ичидан топилган. У личинка ҳолатида бўлган.

“Хапра қўнғизи заҳарли зараркуранда. Унинг мамлакат ҳудудида тарқалиши ўсимликлар хосилига, шу жумладан донга, жиддий зарар етказиши мумкин. Бу эса Россиянинг экспорт қобилиятига таъсир ўтказиши мумкин”, дейилади Россельхознадзор хабарида.

Шу муносабат билан Россельхознадзор Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятидан барча карантинга олинадиган маҳсулотларни олиб киришни тақиқлашга мажбур, дейилган хабарда.

Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг ваколатли идораси карантин объекти топилган, маҳсулотлар сақланадиган омборларни текшириш протоколларини юборади.

Бундан ташқари, томонлар икки мамлакат тадқиқотчилари ўртасида ўсимлик маҳсулотларида хапра қўнғизини аниқлаш усулларини муҳокама қилиш ва уни аниқлашнинг энг самарали усуллари тўғрисида позицияни ишлаб чиқиш бўйича музокараларни ташкил этишга келишиб олдилар.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси Россельхознадзор расмийлари билан музокара ўтказилгани ва мамлакат ҳудудига қуритилган ўрик маҳсулоти олиб кирилишига тақиқ қўйилмаслиги ҳақида хабар берганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон-Россия

Баҳолаганлар

611

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг