Россия делегацияси Украина билан музокара жойига етиб борди

Олам

image
0:00
0:00
download

Россия делегацияси Украина билан музокаралар ўтказиш учун Беларусга борди. Делегация бўлган самолёт Брест аэропортига қўнди, деб хабар бермоқда Россия давлат матбуоти.

Айрим маълумотларга кўра, музокараларнинг учинчи босқичи маҳаллий вақт билан соат 15:00 да бошланиши мумкин. Аммо на Россия, на Украина томонлари музокаралар бошланиш вақтини расман эълон қилмаган.

Бу икки томоннинг келишувга эришиш учун учинчи уриниши бўлади. Музокараларнинг дастлабки икки босқичи томонларнинг инсонпарварлик йўлаклари кераклиги ҳақида келишиб олишига олиб келди.

Аммо амалда маълум бўлдики, гуманитар йўлакларни ташкил этишга уринишлар ҳозирча барбод бўлган: сукунат режимига риоя этилмаган, аҳоли тинимсиз ўқ узиши туфайли ё уйи ва бошпаналарини тарк эта олмади ёки йўлда ҳалок бўлиш хавфи бор эди.

Аммо гуманитар коридорлар бўйича дастлабки уринишлар барбод бўлди. Отишмалар тинмагани сабабли аҳолининг уйларидан чиқиши хавфли бўлиб қолди. Москва Россия ва Беларусга олиб борувчи инсонпарварлик йўлакларини таклиф қилди. Киев бу таклифни рад этди.

Бугун Россия Киев, Харьков, Суми ва Мариуполь шаҳарларида сукунат режими ўрнатилганини эълон қилди. Аммо бу қандай якунланиши ҳозирча номаълум.

Маълумот ўрнида, Россия-Украина музокараларининг иккинчи раунди 3 март куни Беловежда, биринчи раунди 28 февраль куни Беларуснинг Гомель вилоятида бўлиб ўтди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

17

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг