Россия БМТ ва ХҚХҚга Украина устидан шикоят қилди

Олам

image
0:00
0:00
download

Россия БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелет ва Халқаро Қизил Хоч қўмитаси (ХҚХҚ) президенти Питер Маурерга Украина ҳукумати Одесса вилояти Измаил шаҳри портида фуқаролик кемаларидаги 67 нафар россиялик денгизчини мажбуран ушлаб тургани муносабати билан дипломатик ноталар юборди. Бу ҳақда кеча, 9 август куни Россия Федерациясининг БМТ бўлими ва Женевадаги бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий вакили Геннадий Гатилов ўзининг Twitter’ида маълум қилди.

“Биз халқаро ташкилотлар эътиборини Украина ҳукумати томонидан Измаил портида фуқаролик кемаларидаги 67 нафар россиялик денгизчини мажбуран ушлаб туришга йўл қўйилмаслигига қаратишда давом этамиз. Мишел Бачелет ва Питер Маурерга тегишли дипломатик ноталар юборилди”, дейди Россия дипломатик миссияси раҳбари.

Россия Федерациянинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсмани Татьяна Москалкованинг май ойида хабар беришича, россиялик денгизчилар февраль ойидан бери Измаил кемасозлик заводларида ушлаб турилиб, кемаларни тарк этишга рухсат берилмаяпти. Омбудсман 30 июль куни ўзининг Telegram-каналида экипаж аъзоларидан етти нафар аёл Россияга қайтганини ёзган. Яна 67 нафар россиялик денгизчи Украинада қолмоқда.

“Волго-Балт 225”, “Омский-132”, “Свир”, “Рондо”, “Омский-6”, “Волго-Балт 244”, “Волго-Балт 193” кемалари капитанларининг сўзларига кўра, денгизчиларда озиқ-овқат, сув, бирламчи маҳсулотлар бор, аммо уларга ҳали ҳам кетиш тақиқланган. Уларни куч тузилмалари ходимлари қўриқлаяпти.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

10

Рейтинг

3.6

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг