Россия АҚШ ва Европа Украинага берган техникаларни йўқ қилди

Олам 34177
image

Украинанинг Житомир вилоятида Россия қўшинлари “Калибр” ракеталари билан Украина ҳарбийларига АҚШ ва Европадан етказиб берилган қурол ва техниканинг “катта партиясини” йўқ қилди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги матбуот котиби генерал-майор Игорь Конашенков маълум қилди.

“Житомир вилоятидаги Малин темир йўл станцияси ҳудудида юқори аниқликдаги, узоқ масофали, денгизга асосланган “Калибр” ракеталари АҚШ ва Европа давлатларидан Донбассдаги украиналик ҳарбийлар учун олиб келинган қурол-яроғ ва ҳарбий техниканинг катта партиясини йўқ қилди”, дейди Конашенков.

Қайд этилишича, Одесса вилоятида Россия Аэрокосмик кучлари Одесса порт кимё заводида жойлашган Украина ҳарбийларининг зирҳли машиналари учун ёқилғи сақланадиган омборларни йўқ қилган.

Россия авиацияси ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Украинанинг иккита Су-25 самолётини уриб туширган: бири Донецк Халқ Республикасининг Белицкий шаҳри яқинидаги ҳаво жанги пайтида, иккинчиси Херсон вилояти, Новоалександровка қишлоғи яқинида.

Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, уруш  бошлангандан бери Россия қўшинлари 174 та самолёт, 125 та вертолёт, 966 та дрон, 315 та зенит-ракета мажмуаси, 3 мингдан ортиқ танк ва бошқа зирҳли жанговар техника, 1,6 мингдан ортиқ дала артиллерия ва миномётлари, шунингдек, 3 мингдан ортиқ махсус ҳарбий техникани йўқ қилган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 263
Рейтинг: 3
t
×