Россия 12 соат ичида Киевни эгаллашни режалаштирган – Резников
Олам
−
16 Июнь 2022
25386Россия ҳарбийлари Украинага босқиндан кейин 12 соат ичида Киев қулаб тушишини ва назорат остига олинишини кутган эди. Бу ҳақда Украина Мудофаа вазири Алексий Резников CNN телеканалига берган интервьюсида сўз очди.
Резниковнинг таъкидлашича, уруш вақтида ҳалок бўлган рус аскарларининг биридан Россиянинг ҳарбий мақсадлари кўрсатилган ҳужжат топилган.
“Улар 12 соатдан кейин Киев марказини эгаллаймиз, деб ўйлашган. Бу ҳақда ҳужжатда кўрсатилган”, дейди у.
Мудофаа вазирига кўра, Россия босқиндан кейин 72 соат ичида Украина ҳукумати пойтахтни тарк этишига ишонган.
“Очиғини айтсам, дунёнинг турли ҳудудларидаги ҳамкорларимиз ҳам содда эди. Улар бизга босқин бўлиши муқаррарлигини ва ютқазишимизни айтганди. Улар “сизда бор-йўғи 72 соат вақт бор”, деганди. Шунинг учун бизга оғир қуролларни бермади”, дея қўшимча қилди вазир.
Маълумот учун, бугун Россия-Украина урушининг 113-куни. Кеча Дмитрий Медведев Ер юзида Украина деган давлат икки йилдан кейин мавжуд бўлишига шубҳа билан қараётганини айтган эди.
Айни вақтда Донбасс шимолида қизғин жанглар кетмоқда, одамлар қурбон бўляпти.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси