Россия ҳарбийлари АҚШ Украинага берган HIMARS'нинг ракеталарини йўқ қилди
Олам
−
27 Июль 2022
19062Россия Аэрокосмик кучлари Днепропетровск вилоятидаги ўқ-дорилар омборига ҳужум қилди. Оқибатда HIMARS ялпи реактив ҳужум тизимларининг юздан ортиқ ракетаси йўқ қилинди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги хабар берди.
“Янгиланган маълумотларга кўра, жорий йилнинг 24 июль куни Россия Аэрокосмик кучлари Днепропетровск вилоятининг Любимовка аҳоли пункти яқинидаги ўқ-дорилар омборига зарба бериб, АҚШда ишлаб чиқарилган HIMARS ялпи реактив ҳужум тизимларининг юздан ортиқ ракетасини йўқ қилди”, дейилади хабарда.
Бундан ташқари, Николаевдаги 200 га яқин украиналик ҳарбий хизматчилар ва 20 дан ортиқ техника Аэрокосмик кучларнинг юқори аниқликдаги қуроллари билан йўқ қилинган.
Артемивск яқинида иттифоқчи кучлар Украина Қуролли кучларининг 10-тоғли ҳужум бригадаси компанияларидан бирини тўлиқ йўқ қилиб, қўмондонлик пунктига берган юқори аниқликдаги зарбасидан сўнг, Украина қўшинларининг 53-механизациялашган бригадаси жанговар қобилиятини деярли йўқотган.
Шунингдек, рус қўшинлари Харьковдаги "Украина энергетика машиналари" заводида хорижий ёлланма аскарларни жойлаштириш нуқтасига ва Артемивск вилоятидаги "Қора юз" гуруҳи жангариларига ҳужум қилишган. Саккизта ўқ-дорилар омбори йўқ қилинган.
Авиация кучлари тўртта қўмондонлик ва кузатув постини йўқ қилган. Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари бир кунда "Ольха" ва HIMARS ялпи реактив ҳужум тизимларининг ўнта снарядларини тутиб олган, Ми-8 вертолётини ва тўққизта Украина дронларини уриб туширган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси