РФ Мудофаа вазирлиги илк бор Украинага ҳужумда қанча қурбон берилганини очиқлади

Олам

image

Кеча, 2 мартк уни Россия Мудофаа вазирлиги Украинага қарши уруш бошланганидан бери илк марта йўқотишларини очиқлади. Идорага кўра, 24 февралдан бери  498 киши ҳарбий ҳаракатларда ҳалок бўлган, 1,5 мингдан ортиқ одам жароҳатланган. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги расмий вакили генерал-майор Игорь Конашенков маълум қилди.

“Афсуски, махсус ҳарбий операцияда қатнашаётган сафдошларимиз орасида талафотлар бор. 498 нафар россиялик ҳарбий хизматни бажариш чоғида ҳалок бўлди. Ҳалок бўлганларнинг оилаларига ҳар томонлама ёрдам кўрсатилмоқда. 1597 нафар сафдошимиз жароҳат олди”, деган у.

Конашенков руслар орасида асир тушганлар бор-йўқлигини айтмаган. Унга кўра, ҳарбий хизматга чақирилувчилар ёки курсантлар урушда қатнашмайди.

РФ Мудофаа вазирлиги Украинанинг йўқотишлари ҳақида ҳам маълумот берган. Конашенковга кўра, Украина томонининг йўқотишлари анча юқори. 

“Украина куч тузилмаларининг ҳарбий хизматчилари орасида 2870 дан ортиқ киши ҳалок бўлди, 3700 га яқини яраланди. Фақат тасдиқланган маълумотларга кўра, Украина ҳуқуқ-тартибот идораларининг қўлга олинган ҳарбий хизматчилари сони 572 кишини ташкил этади”, деган Мудофаа вазирлиги вакили.

Умуман олганда, операция давомида Россия кучлари Украина ҳудудидаги 1533 та объектга зарба берган, шу жумладан Украина Қуролли Кучларининг 54 та қўмондонлик пункти ва алоқа марказлари, С-300, “Бук М-1” ва Оса каби ҳаво мудофаасининг 39 та зенит-ракета тизимлари шунингдек, 52 радар станцияларига.

Мудофаа вазирлиги вакилининг сўзларига кўра, жанглар давомида ерда 47 та самолёт ва ҳавода 13 та самолёт, 484 та танк ва бошқа зирҳли жанговар машиналар, 63 та кўп сонли ракеталар, 217 та артиллерия ва миномётлар, 336 та машина ва 47 та дрон йўқ қилинган.

Украина томони Россиянинг мамлакатдаги йўқотишлари борасида анчайин фарқли маълумот берган. Киев маълумотларига кўра, уруш бошланганидан бери Россия қўшинларидан 5840 нафарини йўқотган. 

Ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан буён Россия Қуролли кучларининг 30 та самолёт ва 31 та вертолёти, шунингдек, 9 та ҳаво мудофаа тизими, 40 та ракета тизими ва юзлаб ҳарбий техникаси уриб туширилган. 

Таъкидланишича, йўқотишларни ҳисоблаш жанговар ҳаракатларнинг юқори интенсивлиги билан мураккаблашмоқда.

Россиянинг Украинага босқини

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ ва Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

78

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг