Раисийнинг жасадини Эрдўғаннинг куёви чиқараётган дрон топгани аниқланди

Олам

image

Эрон ҳукумати Шарқий Озарбайжон вилоятида ҳалокатга учраган республика Президенти Иброҳим Раисий бўлган вертолётни қидиришда иштирок этган Туркиянинг Akıncı дронидан реал вақт режимида маълумотларни олди. Бу ҳақда дрон ишлаб чиқарувчи Туркиянинг Baykar компанияси раҳбари – Президент Эрдўғаннинг куёви Селчук Байроқдор маълум қилди. 

“Эроннинг илтимосига биноан Туркия қидирув-қутқарув операцияси учун тунги кўриш ускунаси билан жиҳозланган Akıncı учувчисиз самолёт ва Cougar вертолётини юборди. Қидирув гуруҳлари қидирув ҳудудида Turksat сунъий йўлдоши орқали бошқарилди, Эрон расмийлари ундан реал вақт режимида маълумот олди”, дейди Байроқдор “CNN Türk” телеканалига берган интервьюсида. 

Унинг қўшимча қилишича, Озарбайжондаги Akıncı техник ёрдам маркази ходимлари фавқулодда вазиятда ҳаракат қилишга тайёр ҳолда бўлган. Қидирув ишлари ўта ноқулай об-ҳаво шароитида, баъзан шамол тезлиги 160 км/соатга етган шароитда ўтказилган. Шунга қарамай, дрон суратга олиш ва Туркия Қуролли кучлари қўмондонлиги ва Эрон расмийларига етказиш учун тахминан 100 метр баландликкача пастлай олган. 

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Вазирлар Маҳкамаси йиғилишидан сўнг халққа мурожаат қилиб, аввалроқ Akıncı’нинг 7 ярим соат давомида қидирув фаолиятида қатнашганини, жами 2,1 минг км масофани босиб ўтганини айтди. 

“TRT Haber” телеканалига кўра, 19 май куни маҳаллий вақт билан соат 20:00 да Эрон Туркиядан Раисийнинг вертолётини топишда ёрдам сўраган. Туркия Президенти маъмуриятидан соат 22:20 да учувчисиз самолётни бошқаришга рухсат берилган, дрон соат 23:30 да республика жануби-шарқидаги Батман ҳарбий базасидан ҳавога кўтарилган. Соат 00:45 да дрон фавқулодда ҳолат ҳудудига етиб келди, вертолёт эса соат 02:36 да аниқланди. Соат 06:45 да дрон Туркияга қайтди.

19 май куни Эроннинг Шарқий Озарбайжон вилоятида Эрон Президенти ўтирган вертолёт ҳалокатга учради. Унда мамлакат Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён, Шарқий Озарбайжон вилояти ҳокими Малик Раҳмати ва Табриз шаҳрининг имоми Муҳаммад Али Але Ҳошем ҳам бўлган. Эрон Қизил ярим ой жамияти раҳбари Пир Ҳусайн Коливанднинг айтишича,  ҳалокатда вертолётнинг барча йўловчилари ва экипаж аъзолари ҳалок бўлган. Эрон вице-президенти Моҳсин Мансурий президент ва унга ҳамроҳлик қилаётганларнинг ўлими ҳақидаги хабарларни тасдиқлади.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Эроннинг амалдаги вице-президенти Муҳаммад Мохбер вақтинчалик Эрон Президенти бўлиши маълум қилинганди. Эрон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Али Багери Кани эса собиқ ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён вафотидан кейин вақтинчалик ташқи ишлар вазири вазифани бажарувчи этиб тайинланди. Мамлакат парламенти Ички ишлар қўмитаси раиси Муҳаммад Солиҳ Жокар Эронда навбатдан ташқари президентлик сайловлари келаси 50 кун ичида бўлиб ўтиши кераклигини айтди. Эрон олий диний раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий Президент Иброҳим Раисий ва унинг ҳамроҳлари вертолёт ҳалокатида вафот этгани муносабати билан 5 кунлик мотам эълон қилди. Марҳумлар билан видолашув маросими эртага, 21 май куни Табриз шаҳрида бўлиб ўтиши билдирилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Иброҳим Раисий Селчук Байроқдор

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг