Эрон ҳукумати Раисий вертолётининг қулаши сабабларини айтди
Олам
−
02 Сентябрь
16940Эрон Қуролли кучлари Бош штаби 2024 йил май ойида президент Иброҳим Раисий вертолётининг ҳалокатга учрагани бўйича якуний ҳисоботни эълон қилди.
Ҳужжатда қайд этилишича, ҳалокатнинг асосий сабаби тўсатдан пайдо бўлган қалин туман, бу эса вертолётнинг тоққа қулашига сабаб бўлган.
Текширув давомида ҳаво кемасига оид ҳужжатлар, жумладан, вертолётнинг топшириқлари тўғрисидаги ҳисоботлар, у сотиб олинган пайтдан то воқеа содир бўлгунга қадар таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича ҳужжатлар ўрганилди.
Мутахассислар вертолётда ҳеч қандай техник носозлик йўқ, деган хулосага келишди. Омон қолган электрон ускуналар ҳам синовдан ўтказилди ва ҳеч қандай носозлик аниқланмади.
Вертолёт қайси йўналишда ҳаракатланаётгани ўрганилди: у жўнаб кетишидан аввал Президент девонида самолёт ҳаракатининг аниқ харитаси тузилган. Учувчи белгиланган маршрутни тарк этмагани аниқланди.
Метеорология ташкилотлари вертолёт маршрути бўйлаб беқарор атмосфера шароитлари ҳақида огоҳлантириш бермади, учувчи эса парвоз пайтида фавқулодда ҳолат ҳақида хабар олмаган.
Вертолёт ташқи ҳужум оқибатида қулагани ҳақидаги версия тасдиқланмади. Экспертиза вертолётда ҳарбий технологиялар таъсирининг изларини аниқламади.
Ҳисобот охирида ҳалокатнинг асосий сабаби “баҳор мавсумида ҳудуднинг оғир иқлим ва атмосфера шароити тўсатдан зич туман тушишига ва кўришнинг қисқаришига сабаб бўлган ва бу тоғ билан тўқнашувга олиб келган”.
2024 йил 19 май куни Иброҳим Раисий бўлган вертолёт Эроннинг Шарқий Озарбайжон вилояти яқинида ҳалокатга учради. У билан бирга яна саккиз киши, жумладан, Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир-Абдуллоҳиён ҳам ҳалок бўлган.
Эслатиб ўтамиз, 21 август куни президентнинг ўлимига “бахтсиз ҳодиса” сабаб бўлгани ҳақида маълумот пайдо бўлди, бироқ Эрон Қуролли кучлари Бош штаби бу маълумотни инкор этиб, уни ишончсиз деб атади.