Путиннинг таклифини инкор қилган Қозоғистон Украинага гуманитар ёрдам кўрсатади
Олам
−
07 Март 2022
24049Қозоғистон Украина фуқароларига дори-дармон ва бошқа зарур маҳсулотлар билан гуманитар ёрдам кўрсатишга тайёр, ҳозирда уни манзилига етказишнинг транспорт имкониятлари кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Германия Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер билан бўлган суҳбатда маълум қилди.
Қосим-Жомарт Тўқаевнинг таъкидлашича, барча давлатлар БМТ Низоми нормалари ва тамойилларига қатъий риоя қилишлари керак. Украина инқирози келиб чиқиши жиҳатидан анча мураккаб, аммо тинч аҳолига кўпроқ зарар етказмаслик ва фуқаролик инфратузилмаси бутунлай вайрон бўлишига йўл қўймаслик учун дипломатик имкониятларни излаш лозим.
Шунингдек, суҳбат давомида Франк-Вальтер Штайнмайер Россия раҳбариятининг Украинада ҳарбий кампания бошлаш ҳақидаги кутилмаган қарори, бу мамлакатда гуманитар фалокатга олиб келгани сабаблари бўйича Европа Иттифоқининг позициясини баён қилган.
“Қозоғистон Украина фуқароларига дори-дармон ва бошқа зарур маҳсулотлар билан гуманитар ёрдам кўрсатишга тайёр, ҳозирда уни манзилига етказишнинг транспорт имкониятлари кўриб чиқилмоқда. Шу билан бирга, ҳукуматимиз 435 нафар фуқаромизнинг ўз Ватанига, 650 нафардан ортиқ фуқаромизнинг Европа давлатларига эвакуация қилинишига ёрдам берди”, деган Қозоғистон Президенти.
Шунингдек, Тўқаев Германия Президентини ўзи учун қулай вақтда Қозоғистонга ташриф буюришни таклиф қилган. Таклиф миннатдорлик билан қабул қилинган.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон Россиянинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи бўйича таклифига рад жавобини берган эди. Мамлакат бу жавобни Ғарб санкциялари бутун бир ташкилотга эмас, балки алоҳида давлатга қаратилгани ва санкциялар иқтисодий эмас, балки сиёсий нуқтайи назарга эга эканлиги билан изоҳланган эди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси