Қозоғистон Россиянинг ЕОИИ бўйича таклифига рад жавобини берди
Олам
−
07 Июнь 2021
13117Қозоғистон ўзи аъзо бўлган Евроосиё иқтисодий иттифоқи ташкилотининг сиёсийлаштирилишига қарши чиқмоқда. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги ЕОИИ тўғрисидаги шарҳда шу ҳақда баён қилган. Унга кўра, Қозоғистон Евроосиё интеграцияси органларига ғайриоддий функциялар берилишига йўл қўймайди.
“2014 йил 29 майда имзоланган “Евроосиё иқтисодий иттифоқи тўғрисида”ги шартномага биноан, бирлашманинг мақсади товарлар, хизматлар, капитал ва ишчи кучининг эркин ҳаракатланишини таъминлаш, иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши учун шароит яратишдир”, дейилади баёнотда.
Таъкидланишича, Қозоғистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасидаги интеграция жараёнлари фақат иқтисодий хусусиятга эга деган позицияни қўллаб-қувватлайди. Расмий Нур-Султон позициясини ўзгартириб, ташкилотни сиёсийлаштиришга қарши.
“Анъанага кўра, биз Евроосиё интеграцияси органларини ғайриоддий функциялар билан таъминлашга йўл қўйилмаслигини таъкидлаймиз, биз ташкилотни сиёсийлаштиришга қарши чиқамиз”, дейилган Қозоғистон ТИВ шарҳида.
Хабарда айтилишича, Евроосиё иқтисодий иттифоқи тўғрисидаги келишувда учинчи тарафнинг санкцияларига жавоб қайтаришда энг аввало шуни эътиборга олиш керакки, Ғарб санкциялари бутун бир ташкилотга эмас, балки алоҳида давлатга қаратилган. Шунингдек, ушбу санкциялар иқтисодий эмас, балки сиёсий нуқтаи назарга эга.
“Қозоғистон Республикаси бошқа давлатларнинг санкцияларига жавобан ЕОИИ давлатларининг “консолидацияланган чоралари” бўйича ҳеч қандай музокаралар олиб бормаётганини таъкидлаймиз. Евроосиё интеграциясидаги шериклар билан ишлашда биз фақатгина бундай санкцияларнинг давлатларимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига салбий таъсирини олдини олиш бўйича биргаликдаги ҳаракатлар тўғрисида гапиришимиз мумкин”, дейилган вазирлик баёнотида.
Маълумот ўрнида, Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Александр Панкин ўтган ҳафта баёнот берганди. Унда Ғарбнинг Россия ва Беларусь каби ЕОИИга аъзо айрим давлатларга қарши санкцияларига жавобан Қозоғистон билан биргаликда чоралар кўриш устида иш олиб бораётганини таъкидлаганди.
LiveБарчаси