Путиннинг Бишкекка келиши сайёҳларни кўчада қолдиряпти
Олам
−
03 Октябрь 2023
15278Туроператорлар Россия Президенти Владимир Путин ўз делегацияси билан Қирғизистон пойтахти Бишкекка келиши муносабати билан меҳмонхоналар аввал тасдиқланган бандловларини бекор қилаётганидан шикоят қилмоқда. Бу ҳақда “24.kg” хабар берди.
Voyager Group компаниясининг маркетинг ва ривожланиш бўйича директори Алишер Обидовнинг маълум қилишича, Plaza Hotel Bishkek маъмурияти 23 нафар сайёҳнинг аввал тасдиқланган бронларини бекор қилган. Унинг сўзларига кўра, сайёҳлар 13 та хонани банд қилишган.
“Шикоят шундан иборатки, тузилган шартномалар ва тасдиқланган бандловлар билан меҳмонхона раҳбарияти сайёҳларни жойлаштиришни энг ноқулай тарзда рад этмоқда. Улар Россия Федерацияси делегацияси ва Президент Владимир Путин фойдасига суянган. Қўпол қилиб айтганда, бизни шарманда қилишди. Бизга туристлар рози бўлмайдиган муқобил вариантларни таклиф қилишди. Оқибатда 23 нафар сайёҳ учун турар жойсиз қолдик. Меҳмонхона давлат делегациялари фойдасига сайёҳлардан бемалол қутулса, туризмнинг ривожланиши ҳақида қандай гапириш мумкин?” дейди Алишер Обидов.
Унинг сўзларига кўра, меҳмонхона аввалроқ бандлов (брон)ни тасдиқловчи ҳужжат юборган. Аммо бир кун олдин Plaza Hotel Bishkek маъмурияти турар жойдан воз кечаётганини маълум қилган.
Маълумот учун, жорий йилнинг 13 октябрь куни Қирғизистонда МДҲ саммити, 25 октябрь куни эса Ҳамдўстлик мамлакатлари ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош вазирларининг учрашуви бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Россия раҳбари Владимир Путин Бишкекда Беларусь фуқароси Александр Лукашенко билан икки томонлама учрашув ўтказиши айтилганди.
LiveБарчаси