Путин Марказий Осиёга келади
Олам
−
26 Сентябрь 2023
25385Россия Президенти Владимир Путин октябрь ойининг ўрталарида Қирғизистонга келади. Бу ҳақда Беларусь фуқароси Александр Лукашенко Россиянинг Ленинград вилояти губернатори билан учрашувида маълум қилди.
Унга кўра, Лукашенко Путин билан телефон орқали гаплашган ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилган.
“Кеча мен Россия Президенти билан гаплашдим. Иккита лойиҳа бўйича келишиб олдик. 15 октябрда эса биз Қирғизистонда учрашамиз ва бу ҳақда батафсил гаплашамиз”, дейди у.
Қайд этиш жоизки, октябрь ойи ўрталарида Бишкекда МДҲ давлатларининг саммити бўлиб ўтиши режалаштирилган. Лукашенко ҳам айнан мана шу саммит доирасидаги учрашувни назарда тутган бўлса ажаб эмас.
Маълумот учун, Владимир Путин Қирғизистонга охирги марта 2022 йилнинг декабрида ташриф буюрган эди. Ўшанда у Евросиё иқтисодий иттифоқи саммитида иштирок этган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 19 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида Марказий Осиё мамлакатлари ва Америка Қўшма Штатлари етакчиларининг “C5+1” форматидаги биринчи саммити бўлиб ўтганди. Унда АҚШ, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон Президентлари қатнашганди. Тадбир сўнггида АҚШ Президенти Жо Байден Марказий Осиё давлатларидан бирига келишни режалаштираётганини айтганди.
LiveБарчаси