Байден Марказий Осиёга, эҳтимол Ўзбекистонга келади
Олам
−
20 Сентябрь 2023
8684АҚШ Президенти Жо Байден Марказий Осиё давлатларидан бирига келиши мумкин. Бу ҳақда у кеча, 19 сентябрь куни Нью-Йоркда Марказий Осиё мамлакатлари ва Америка Қўшма Штатлари етакчиларининг “C5+1” форматидаги биринчи саммитида маълум қилди.
АҚШ раҳбари мазкур саммитни тарихий деб атаган.
“Менимча, бу тарихий лаҳза. Биз Марказий Осиё ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги кўп йиллик яқин ҳамкорликка асосланяпмиз – бу шериклик суверенитет, мустақиллик ва ҳудудий яхлитликка бўлган умумий садоқатимизга асосланади. Бу тамойиллар ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ, назаримда. Бугун эса ҳамкорлигимизни янги чўққиларга олиб чиқяпмиз”, деган Байден.
Шунингдек, Жо Байден терроризмга қарши ҳамкорлик, минтақавий иқтисодий алоқалар мустаҳкамланаётганини, ногиронлар ҳуқуқлари бўйича янги ташаббус бошланганини қайд этган.
“Мен ушбу учрашувни давом эттиришни чин дилдан кутаман, чунки биз кучлироқмиз ва бешта давлат бирлашганда дунё хавфсизроқ бўлишига чин дилдан ишонаман. Ҳаракатларингиз учун сизга катта раҳмат. Мен сизни тез орада, эҳтимол мамлакатларингиздан бирида кўришни орзиқиб кутаман”, дея сўзини якунлаган АҚШ Президенти.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 19 сентябрь куни Марказий Осиё мамлакатлари ва Америка Қўшма Штатлари етакчиларининг “C5+1” форматидаги биринчи саммити бўлиб ўтганди. Унда АҚШ, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон Президентлари қатнашганди. Саммитдан сўнг “Forbes” нашри АҚШ Президенти Жо Байденнинг янги геостратегик ташаббусида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев муҳим роль ўйнашини ёзган.
Агар Жо Байден Марказий Осиёга ташриф буюрса, манзил катта эҳтимол билан ё Ўзбекистон ёки Қозоғистон бўлиши мумкин. Чунки жорий йилнинг 28 февраль – 1 март кунлари АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ўз фаолияти давомида биринчи марта Қозоғистон ва Ўзбекистонга ташриф буюрди, Президент Қосим-Жомарт Тўқаев ва Шавкат Мирзиёев қабулида бўлиб, қатор масалаларни муҳокама қилди. Шунингдек, у Президент Жо Байденнинг месежларини етказди.
LiveБарчаси