Путин Зеленский билан қандай шароитда алоқа қилишини айтди

Олам 18218
image

Россия Президенти Владимир Путин ва Украина Президенти Владимир Зеленский ўртасидаги алоқалар эҳтимоли Киев ҳалигача изчиллик кўрсатмаган Россия-Украина музокаралари натижаларига боғлиқ. Бу ҳақда бугун, 22 апрель куни Россия етакчиси Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель билан суҳбатда маълум қилди.  

“Шарль Мишелнинг Владимир Зеленский билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш ҳақидаги чақириғига жавобан Россия Президенти бу борадаги маълум позициясини яна бир бор тасдиқлаб, бундай имконият, Россия ва Украина вакиллари ўртасида давом этаётган музокаралардаги аниқ натижаларга боғлиқлигини таъкидлади”, дейилади суҳбат якунлари бўйича Кремль сайтида эълон қилинган хабарда.

Қайд этилишича, Украина томони  ўзаро мақбул ечимларни излашга тайёр эмас.

Суҳбат давомида Путин ва Мишель Украинадаги вазиятнинг ривожланишини ҳам муҳокама қилган. 

“Шарль Мишель яқинда Киевга сафари чоғида Украина раҳбарияти билан алоқалар ҳақида маълумот берди. Владимир Путин Донбасс республикаларини ҳимоя қилиш бўйича махсус ҳарбий операция билан боғлиқ ўзининг фундаментал баҳоларини айтди”, дейилади хабарда.

Шунингдек, Россия Федерацияси Президенти Европа кенгаши раҳбарига Украинадаги тинч аҳолини ҳимоя қилиш чоралари ҳақида ҳам гапириб берган. 

“Россия Президенти тинч аҳолини ҳимоя қилиш бўйича доимий асосда кўрилаётган чора-тадбирлар, ҳар куни гуманитар йўлаклар очилиши ва тинч аҳолини жанговар ҳудуддан хавфсиз эвакуация қилиш учун сукунат режими эълон қилиниши ҳақида гапирди”, дейилади хабарда.

Маълумот учун, Украина Президенти Владимир Зеленский бир неча бор Путинни музокара қилишга чорлади, аммо Кремль ҳамон бу борада сукут сақлаяпти.

Аввалроқ, Шарль Мишель Киевгага боргани ҳақида хабар берган эдик. Ташриф давомида ЕИ Украинага қурол учун 1,5 миллиард евро ажратишини айтганди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 38
Рейтинг: 3.3
t
×