Путин ва Макрон гаплашиб олди

Олам 10576
image

Бугун, 3 май Россия Президенти Владимир Путин ва Франция Президенти Эммануэль Макрон телефон орқали мулоқот қилди. Суҳбат 2 соат-у 10 дақиқа давом этди.  Бу ҳақда Франция Президенти матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Макрон яна бир бор ўт очишни тўхтатишни талаб қилган, шунингдек, Россияни бу бузғунчи тажовузга чек қўйиб, Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси сифатида ўз мажбуриятларини бажаришга чақирган. 

Шунингдек, у Мариуполдаги вазият ва Донбассдаги умумий вазиятдан чуқур хавотир билдирган. Макроннинг сўзларига кўра, Россия яқин кунларда бошланган “Азовсталь” заводидан эвакуация қилишни давом эттиришга рухсат бериши керак. Хусусан, гуманитар ташкилотлар билан мувофиқлаштириш ва тинч аҳолига қаерга олиб кетилишини танлашга имкон берилиши лозим.

Бундан ташқари, Франция рахбари Қора денгиз орқали Украина озиқ-овқат экспортининг Россия блокадасини олиб ташлашга ёрдам бериш учун ваколатли халқаро ташкилотлар билан ишлашга тайёрлигини билдирган. 

“Блокада глобал озиқ-овқат хавфсизлиги учун даҳшатли оқибатларга олиб келиши мумкин”, дейилади хабарда.

Давлат раҳбари Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тўлиқ ҳурмат қилган ҳолда тинчликни таъминлаш мақсадида музокараларни давом эттиришга тайёр эканини таъкидлаган. 

Эслатиб ўтамиз, Россия Президенти Украина вакиллари билан музокаралар олиб боришнинг принципиал ёндашувларини айтиб ўтгани ва Киевнинг номувофиқлиги ҳамда жиддий ишлашни истамаслигига қарамай, Россия томони ҳали ҳам мулоқотга очиқ эканини таъкидлаган эди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 51
Рейтинг: 3
t
×