Путин урушда қўлга киритилган қуролларни ДХР ва ЛХРга топширишни маъқуллади

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путин Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгунинг россиялик ҳарбийлар қўлида қолган Ғарбда ишлаб чиқарилган қуролларни (тан олинмаган) Донецк ва Луганск халқ республикалари ҳарбийларига топшириш ташаббусини қўллаб-қувватлади. 

“Россия армияси қўлига ўтган, айниқса, Ғарбда ишлаб чиқарилган қурол-яроғ таъминотига келсак, албатта, мен уларни Луганск ва Донецк халқ республикалари ҳарбий қисмларига топшириш имкониятини қўллаб-қувватлайман”, дейди Владир Путин. 

У бу ҳақда бугун, 11 март куни бўлиб ўтган Россия Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари билан учрашувда гапирган.  

“Илтимос, шундай қилинг”, деди Путин Шойгуга мурожаат қилиб, агар бу масала бўйича Президентлар даражасида бирон-бир қарор талаб қилинса, уларни қабул қилишга тайёрлигини қўшимча қилган.

Йиғилишда Мудофаа вазирлиги раҳбари қўлга олинган қуролларни Донбасс қуролли кучларига топшириш ташаббуси билан чиқди.  

“Украинага ҳар томондан мутлақо назоратсиз қуроллар, турли хил қуроллар етказиб берилаётгани фонида – менинг фикримча, у ерда ҳеч ким ким, қаерда, қанча тарқатилганини ҳисобга олмайди – бу ҳақда бугун бир неча бор айтилган, таклифимиз бор: ЛХР ва ДХР милициясининг юқори жанговар қобилиятини таъминлаш, уларга ҳаво мудофааси ускуналарини, хусусан, Портатив зенит-ракета тизими ва танкга қарши ракета тизимларини топшириш керак”, дейди Шойгу. 

Бундан ташқари, Шойгунинг маълум қилишича, Россия қуролли кучлари Украинанинг кўплаб қуролларини тўплаган. 

"Булар танклар, зирҳли техникалар ва ўқ отиш қуролларининг барча турлари, жуда кўп  артиллерия. Бундан ташқари, кўплаб Javelin ва Stinger тизимлари мавжуд", дейди у. 

Мудофаа вазирлиги раҳбари юқорида айтилганларнинг барчасини ўз ҳудудларини "самаралироқ ҳимоя қила олишлари" учун ДХР ва ЛХР милицияларига ўтказишни таклиф қилди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

13

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг