Путин Украинани ўз аскарлари қонига ботирмоқчи – Зеленский
Олам
−
21 Сентябрь 2022
16912Россиядаги қисман сафарбарлик Украинага қарши уруш учун офицерлар ва бошқа ходимларни ёллаш билан боғлиқ муаммолар борлигини кўрсатади. Бу ҳақда мамлакат Президенти Владимир Зеленский “Bild” нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.
“Биз аллақачон биламизки, улар курсантларни, жанг қилишни билмайдиган йигитларни сафарбар қилишган. Бу курсантлар вафот этди. Улар ҳатто ўқишни ҳам тугата олмадилар. Бу одамларнинг ҳаммаси кураша олмайди. Улар бу ерга ўлиш учун келишади”, деб тушунтирган Зеленский.
Унинг фикрича, “Путин Украинани қонга, хусусан, ўз аскарлари қонига ботирмоқчи”.
Зеленский Кремлнинг “референдум” ўтказиш нияти фонида Россия томонидан босиб олинган Украина ҳудудларини деоккупация қилишни бекор қилмоқчи эмас.
“Биз режаларимиз асосида босқичма-босқич ҳаракат қиламиз. Ишончим комилки, биз ўз ҳудудимизни озод қиламиз. “Референдумлар” – 90 фоизли сохта референдумлар, давлат уларни тан олмайди”, деб тушунтирди Зеленский.
Президент ядро уруши таҳдидидан ваҳимага тушмаяпти. Аммо Россия бундай ишга қўл уриши мумкинлигини ҳам инкор қилмаяпти.
“У бу қуролдан фойдаланишига ишонмайман. Менимча, дунё ундан фойдаланишига рухсат бермайди. Аммо хавф-хатарлар бор”, дейди Украина Президенти.
У Путиннинг ядровий таҳдидига алданмаслик кераклигини қайд этган.
“Эртага Путин айтиши мумкин: Украинадан ташқари, биз Польшанинг яна бир қисмини хоҳлаймиз, акс ҳолда биз ядро қуролидан фойдаланамиз. Биз бу муросага кела олмаймиз”, дейди Зеленский.
Эслатиб ўтамиз, 21 сентябрь куни Владимир Путин Россияда қисман сафарбарлик тўғрисидаги фармонни имзолади, унга кўра 300 минг Россия фуқароси жанговар ҳудудга боради.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди.
LiveБарчаси