Путин Украина устидан ғалаба қилмайди – Байден
Олам
−
09 Март 2022
17909АҚШ Президенти Жо Байден украиналикларнинг Россия Федерациясининг босқинчи кучларига қатъий қаршилик кўрсатаётганини таъкидлаб, урушнинг ҳозирги босқичида Украина Путин (Россия Президенти Владимир Путин) учун “ғалаба”га айланмаслиги аниқ, деган фикрни билдирди. Бу ҳақда у кеча, 8 март куни қилган мурожаатида айтиб ўтди.
“Охирги икки ҳафта давомида украиналиклар ўзларининг жасорати, эркин яшашга бўлган қатъиятлари билан дунёни илҳомлантирмоқда... Украиналиклар Путиннинг ўзи хоҳлаганини олишига йўл қўймасликларини намойиш қилмоқда”, деган Жо Байден.
У Путин уруши катта азоб-уқубатларга сабаб бўлганини таъкидлаб, сўнгги икки ҳафта ичида содир бўлган қатор воқеалар ва тинч аҳолига таъсир кўрсатган ҳужумларни эслаган.
АҚШ Президентининг таъкидлашича, бир қатор дунё етакчилари ўт очишни тўхтатиш, дипломатик йўлларга қайтиш, гуманитар вазиятни яхшилашга чақирмоқда, аммо Путин, шубҳасиз, бу қанчага тушишидан қатъи назар, атайлаб ўз йўлидан кетяпти.
“Россия даҳшатли йўқотиш эвазига олдинга силжишда давом этиши мумкин, аммо бир нарса аллақачон аниқ: Украина ҳеч қачон Путин учун “ғалаба” бўлмайди. Путин шаҳарни эгаллаши мумкин, лекин у ҳеч қачон мамлакатни назорат қила олмайди. Ва агар биз Путиннинг дунё тинчлиги ва барқарорлигига тажовуз қилишига жавоб бермасак, келажакда эркинлик ва Америка халқи учун қимматроқ бўлади”, деган Байден.
Байден АҚШ украиналикларни курашда қўллаб-қувватлашда давом этишини қўшимча қилди ва Конгрессни Украинага 12 миллиард долларлик ёрдам пакетини қўллаб-қувватлашга чақирди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси