Путин Украина Қрим кўприги учун жазоланганини айтди

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путин расмий Киевни агар Украина ҳукумати Россия Федерацияси ҳудудида терактлар уюштиришда давом этса, жавоблар қаттиқ бўлишидан огоҳлантирди.

“Агар бизнинг ҳудудимизда терактлар уюштиришга уринишлар давом этса, Россиянинг жавоби кескин бўлади ва кўлами бўйича РФда юзага келтирилаётган таҳдидлар даражасига тўғри келади. Бунга ҳеч кимда ҳеч қандай шубҳа бўлмаслиги керак”, дейди Путин бугун, 10 октябрь куни Россия Хавфсизлик Кенгаши аъзолари билан бўлиб ўтган тезкор йиғилишда.

Унинг таъкидлашича, Киев режими ўз ҳаракатлари билан ҳақиқатда ўзини халқаро террорчи гуруҳлар билан бир қаторга қўйган, шунинг учун бундай турдаги жиноятларни жавобсиз қолдириб бўлмайди.

Президент бугун эрталаб Мудофаа вазирлиги таклифи ва Россия Бош штабининг режасига кўра, юқори аниқликдаги ҳаво, денгиз ва қуруқликдаги қуроллардан фойдаланган ҳолда Украинанинг энергетика, ҳарбий қўмондонлик ва алоқа воситаларига зарба берилганини маълум қилди.

Президент Мудофаа вазири Сергей Шойгуга “натижалар ҳақида ҳисобот бериш”ни топширди.

Украинага ракета ҳужуми

Россия босқинчилари 10 октябрь куни эрталаб Украина шаҳарларини оммавий ўққа тутди. Ракета ҳужумлари Киев, Винница, Львов, Кировоград, Николаев, Тернопил, Житомир ва бошқа вилоятларнинг марказида қайд этилган. Ракета ҳужуми оқибатида камида 10 киши ҳалок бўлди ва 60 га яқин киши жароҳатланди.

Россия Президенти Владимир Путин Украина шаҳарлари ва муҳим инфратузилмаларга зарба берилганини тан олди. У Украинага янги зарбалар билан таҳдид қилди, аслида Украина шаҳарларининг эрталабки террори Қрим кўпригининг портлатилиши билан боғлиқлигини айтди.

Маълумки, Украинага юқори аниқликдаги ракеталар билан ҳужум қилинган. Хусусан, Х101 ва Х555 ракеталари Каспий минтақасидаги стратегик бомбардимончи самолётлардан учирилган. Қора денгиздан "Калибр", "Искандер", "С-300" ва "Торнадо" ракеталари ҳам қўлланилган.

Қрим кўпригида портлаш

Эслатиб ўтамиз, 8 октябрь куни Қрим кўпригида портлаш юз берди ва натижада поездаги цистерналарда ёнғин чиқди. Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари кўприкда юк машинаси портлатилганини маълум қилди. Қурбонлар ҳақида маълумот йўқ.

Ҳодиса юзасидан Россия Тергов қўмитаси жиноий иш очди.

Украина Президенти девони раҳбарининг маслаҳатчиси Михаил Подоляк ҳодисага муносабат билдириб, бу бошланиши эканини, ноқонуний қурилган барча нарса йўқ қилинишини таъкидлади.

Президент Владимир Путин буйруғи билан ҳодисани ўрганиш учун ҳукумат комиссияси тузилди. Ҳодиса оқибатида уч киши ҳалок бўлди.

Қрим кўприги Россиядаги энг узун кўприк бўлиб, унинг узунлиги 19 километрни ташкил қилади. Автомобиль қисми 2018 йил май ойида фойдаланишга топширилган. 2019 йил декабрь ойида эса унинг темир йўл қисми бўйлаб биринчи поездлар ҳаракатланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

183

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made