Қрим кўпригидаги портлаш бўйича Путин топшириғи билан ҳукумат комиссияси тузилди
Олам
−
08 Октябрь 2022
11640Россия Президенти Владимир Путин Қрим кўпригидаги фавқулодда ҳолат юзасидан ҳукумат комиссиясини тузишни топширди. Бу ҳақда бугун, 8 октябрь куни Пезидент матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.
“Қрим кўпригидаги фавқулодда ҳолат муносабати билан Владимир Путин Россия Бош вазири Михаил Мишустин, Бош вазир ўринбосари Марат Хуснуллин, Фавқулодда вазиятлар вазири Александр Куренков ва Транспорт вазирлиги Геннадий Савелев, шунингдек, ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларидан ҳисобот олди. Президент Бош вазирга ҳодиса сабабларини аниқлаш ва оқибатларини имкон қадар тезроқ бартараф этиш бўйича ҳукумат комиссиясини тузишни топширди”, дейди матбуот котиби.
Шундан сўнг, Россия Бош вазири Михаил Мишустин Қрим кўпригидаги ҳодиса сабабларини аниқлаш ва оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳукумат комиссиясини тузиш тўғрисидаги буйруқни имзолади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати хабар берди.
Комиссияга Бош вазир ўринбосари Марат Хуснуллин бошчилик қилади.
Комиссия таркибига, шунингдек, Транспорт вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Росморречфлот, Росавтодор, Росжилдор, Росгвардия, Ички ишлар вазирлиги ва Федерал хавфсизлик хизмати вакиллари, Краснодар ўлкаси ва Қрим республикаси раҳбари кирган.
Қайд этилишича, транспорт вазири Виталий Савелев ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбари Александр Куренков фавқулодда ҳолат жойига жўнаб кетган. Хуснуллин ҳам яқин соатлар ичида Қримга учиб боришини ва кўприкнинг аҳволини шахсан ўзи текширишини айтган.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 8 октябрь куни Қрим кўпригида портлаш юз берди ва натижада поезд цистернасида ёнғин чиқди. Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари кўприкда юк машинаси портлатилганини маълум қилди. Қурбонлар ҳақида маълумот йўқ.
Ҳодиса юзасидан Россия Тергов қўмитаси жиноий иш очди.
Украина Президенти девони раҳбарининг маслаҳатчиси Михаил Подоляк ҳодисага муносабат билдириб, бу бошланиши эканини, ноқонуний қурилган барча нарса йўқ қилинишини таъкидлади.
Қрим кўприги Россиядаги энг узун кўприк бўлиб, унинг узунлиги 19 километрни ташкил қилади. Автомобиль қисми 2018 йил май ойида фойдаланишга топширилган. 2019 йил декабрь ойида эса унинг темир йўл қисми бўйлаб биринчи поездлар ҳаракатланган.
LiveБарчаси