Путин ўқувчиларга Украинага қарши урушни нега бошлаганини айтиб берди
Олам
−
02 Сентябрь 2022
17369Украинадаги “махсус ҳарбий операция”дан мақсад Украина ҳудудида яратилаётган ва Россияга таҳдид солаётган анклавни йўқ қилиш. Бу ҳақда кеча, 1 сентябрь куни Россия Президенти Владимир Путин Калининграддаги мактаб ўқувчилари билан бўлган очиқ дарсда маълум қилган.
“Украина ҳудудида бизнинг мамлакатимизга таҳдид соладиган Россияга қарши анклавни яратишга киришилган. Шунинг учун у ерда жанг қилаётган йигитларимиз Донбасс аҳолисини ҳам, Россиянинг ўзини ҳам ҳимоя қилмоқда”, дейди Президент.
Давлат раҳбарининг қайд этишича, “махсус операция”да қатнашаётган россиялик ҳарбийлар жамият, жумладан, ёшлар томонидан қўллаб-қувватланишга лойиқ.
“Ҳамма ҳозирда Россияни тажовузкор деб ҳисоблайди. Бироқ 2014 йилда Украинадаги давлат тўнтаришидан кейин Донетск ва Луганск аҳолиси бу тўнтариш натижаларини тан олишни истамаганини ҳеч ким тушунмайди ёки билмайди. Ватандошларига қарши урушни Украина расмийларининг ўзи бошлаган, Россиянинг мақсади эса уни тўхтатишдир”, дейди Президент Путин.
Бундан ташқари, Россия етакчиси нутқида Украинадаги тарихий воқеалар талқинининг ишончлилигини таъминлаш муҳимлигини таъкидлаган.
“Ҳатто катталар ҳам, эҳтимол, Украинанинг СССР ташкил этилишидан олдин ўз давлатчилиги бўлмаганини билишмайди”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, Украинада ҳарбий операция бошланган куни Путин ўзининг мақсадини Украинани демилитаризация ва денасификация қилиш, шунингдек, Донбасснинг тинч аҳолисини геноциддан ҳимоя қилиш деб атаган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
Фарангиз Салимова
LiveБарчаси