Путин Тоғли Қорабоғда 1,5 ой давом этган уруш қурбонлари сонини очиқлади
Олам
−
14 Ноябрь 2020
12543Тоғли Қорабоғда жорий йилнинг 27 сентябридан 10 ноябргача давом этган ҳарбий ҳаракатларда 4 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди, 8 мингдан ортиғи жароҳатланди. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин минтақадаги гуманитар масалаларни ечиш бўйича йиғилишда айтиб ўтди.
“Ҳарбий ҳаракатлар натижасида қурбонлар сони, жумладан тинч аҳоли орасида ҳам 4 минг нафардан ошиб кетди, жароҳатланганлар 8 мингдан ортиқроқ, қочоқлар сони турли маълумотларга кўра, ўнг минглаб”, деган Путин кўплаб маданий объектлар ва фуқаролик инфратузилмалари вайрон бўлганини таъкидлаб.
Президентнинг сўзларига кўра, ҳозирда Тоғли Қорабоғда ҳарбий ҳаракатлар тўлиқ тўхтатилган.
Қайд этилишича, 9 ноябрь куни имзоланган уч томонлама баённома қонли урушни тўхтатишга имкон берган ва вазият барқарорлашган.
Тоғли Қорабоғ можароси
Тоғли Қорабоғда Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги навбатдаги қуролли тўқнашув жорий йилнинг 27 сентябрь куни бошланганди. Расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди.
Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтди. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилди.
Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди.
Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди. Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Шунингдек, Алиев 28 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади.
Озарбайжон ва Арманистон ўртасида кескинлик авж олгандан кейин Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров икки мамлакат Ташқи ишлар вазирлари билан телефон орқали мулоқот қилиб, уларни музокаралар столига қайтишга чақирган эди. Президент Владимир Путин эса Никол Пашинян билан мулоқот қилиб, масалани тинч йўл билан ҳал этишни тавсия қилди. Бу орада Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев асосий куч ва дастакни Туркия Республикасидан олаётгани маълум бўлди. Шу куни Туркия ва Озарбайжон Президентлари телефон орқали мулоқот қилдилар ва Эрдўған турк халқи ва давлати Озарбайжонни бор имконияти билан қўллаб-қувватлашини эслатди.
Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги Тоғли Қорабоғ можароли зонасидаги вазият кўп жиҳатдан Россияга боғлиқ. Россия Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси, шунингдек Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Минск гуруҳининг ҳамраиси. 1 октябрь куни гуруҳ ҳамраислари – АҚШ, Россия ва Франция Тоғли Қорабоғ масаласида қўшма баёнот эълон қилдилар.
Томонлар уч марта сулҳ тузди. Аммо уларнинг ҳеч бири муваффақиятли бўлмади.
Жорий йилнинг 8 ноябрь куни Озарбайжон Тоғли Қорабоғдаги муҳим аҳамиятга эга Шуша шаҳрини озод қилиши билан ҳарбий ҳаракатларда туб бурилиш ясалди. Эндиликда Озарбайжон ҳарбийлари тўғридан-тўғри тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикасининг маъмурий маркази Хонканди (Степанакерт)га ҳужум қилиши мумкин бўлиб қолди.
Орадан кўп ўтмай эса томонлар Россия воситачилигида ўт очишни тўхтатиш ва ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича сулҳга эришди. Сулҳ битимига кўра, 10 ноябрь соат 00:00 дан бошлаб Қорабоғда ҳарбий ҳаракатлар бутунлай тўхтатилди, Арманистон Тоғли Қорабоғдаги 3 та туманни Озарбайжонга қайтариш мажбуриятини олди.
Шунингдек, Қорабоғга Россия тинчликпарвар кучлари киритилади. Улар Арманистон ва Тоғли Қорабоғни боғловчи йўлакка жойлаштирилади. Расмий Баку тез орада назоратига ўтувчи Лочин тумани ҳудудида барпо қилинадиган йўлакдан ҳар икки томон фуқаролари хавфсиз ўтишини таъминлашга ваъда берди.