Путин русларга Херсондан чекинишни тақиқлади
Олам
−
24 Сентябрь 2022
17018Россия Президенти Владимир Путин сўнгги ҳафталарда Украинага қарши урушни тўғридан-тўғри стратегик режалаштириш билан шуғулланган ва бошқа нарсалар қатори ҳарбий қўмондонларнинг Херсондан чекинишга рухсат бериш ҳақидаги илтимосларини рад этган. Бу ҳақда “The New York Times” газетаси хабар берди.
Нашрнинг Америка маъмурияти вакилларига таяниб ёзишича, улар шахсий таркиб ва ҳарбий техникани сақлаб қолиш учун шаҳарни тарк этиб, уюшқоқлик билан Днепр орқасига чекинишни таклиф қилишган.
“Аммо бундай чекиниш Путиннинг урушдаги мағлубиятини яна бир бор оммавий тан олиш ва Украинанинг бир ойдаги иккинчи йирик ғалабаси бўларди. Херсон босқиннинг дастлабки босқичида руслар томонидан босиб олинган биринчи йирик шаҳар бўлиб, Москва назорати остидаги ягона минтақавий марказ бўлиб қолмоқда. Унинг қайтиши Украина Президенти Владимир Зеленский учун катта ютуқ бўларди.
NYT’нинг ўта махфий разведка маълумотлари билан таниш манбаларига кўра, Путиннинг Херсондан аскарларини олиб чиқишдан бош тортгани асосан таъминот линиялари ва Днепр бўйлаб асосий гуруҳдан узилиб қолган рус қўшинларининг маънавий ҳолатининг пасайишига олиб келган.
АҚШ расмийларига кўра, Путин ва унинг генераллари ўртасидаги Херсондаги фронт чизиғи бўйича келишмовчиликлар Украина жанубидаги вазият урушаётган томонлар учун қанчалик оғир эканини кўрсатади. Украина шимоли-шарқида сўнгги ютуқларга эришганига қарамай, Херсон атрофидаги ҳудуд Киев ва Москва учун катта стратегик аҳамиятга эга бўлган муҳим операциялар саҳнасидир, деб ёзади газета.
Агар Украина Қуролли Кучлари Россия қўшинларини яна ҳам орқага суриб ташласа, Путин қурилиши учун жуда кўп куч сарфлаган Қрим кўприги таҳдид остида қолади, дея таъкидлайди газета.
Ўтган ёзда Украина ҳарбийлари Херсондаги Днепрдан ўтувчи ягона автомобиль кўпригига бир неча бор ракета ҳужумларини уюштирган, натижада у жиддий шикастланган ва транспорт ҳаракати учун ёпилган. Тахминларга кўра, зарбалар Американинг HIMARS ялпи реактив ҳужум тизимларидан берилган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди.
LiveБарчаси