Путин портлатилган Қрим кўпригига Mercedes миниб борди
Олам
−
05 Декабрь 2022
22021Россия Президенти Владимир Путин бугун, 5 декабрь куни жорий йилнинг октябрь ойидаги портлашдан сўнг таъмирлаш ишлари олиб борилган Қрим кўпригини кўздан кечирди. Давлат раҳбари Mercedes-Benz автомобилини бошқариб кўприкдан ўтди. Унга Бош вазир ўринбосари Марат Хуснуллин ҳамроҳлик қилди ва Президентга реставрация ишларининг бориши, қурувчилар дуч келган қийинчиликлар ҳақида маълумот берди.
Йўлда Путин Хуснуллиндан қаерда таъмирлаш ишлари кетаётганини сўради. Ҳукумат раиси ўринбосари таъмирлаш давлат раҳбари машинаси турган жойдан 9 км узоқликдаги участкада бўлганини айтди.
Хуснуллиннинг сўзларига кўра, яхши ишлаб чиқариш базаси металл конструкцияларни тўлиқ йиғишни тўғридан-тўғри тиклаш ишлари олиб бориладиган жойда ташкил қилиш имконини берди. Унинг аниқлик киритишича, металл учта заводдан – Тюмень, Қўрғон ва Воронеждаги энг йирик металл ишлаб чиқарувчилардан олиб келинган.
“Мамлакатимиз бўйлаб кенг кўламли қурилиш дастурига эга бўлганимиз сабабли, металл мавжуд эди. Шунинг учун биз тезда ушбу металлни конструкцияларни ишлаб чиқаришга ўтказдик ва икки ҳафта ичида 1214 тоннани йиғиб, бу ерга келтирдик”, дейди Бош вазир ўринбосари.
Маълум бўлишича, кўприкни тиклашда 500 киши, 3 та сузувчи кран, 4 та баржа ва 31 га яқин техника кечаю кундуз ишлаган.
Қрим кўпригида портлаш
Эслатиб ўтамиз, 8 октябрь куни Қрим кўпригида портлаш юз берди ва натижада поездаги цистерналарда ёнғин чиқди. Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари кўприкда юк машинаси портлатилганини маълум қилди. Қурбонлар ҳақида маълумот йўқ.
Ҳодиса юзасидан Россия Тергов қўмитаси террорчилик моддаси билан жиноий иш очди.
Украина Президенти девони раҳбарининг маслаҳатчиси Михаил Подоляк ҳодисага муносабат билдириб, бу бошланиши эканини, ноқонуний қурилган барча нарса йўқ қилинишини таъкидлади.
Президент Владимир Путин буйруғи билан ҳодисани ўрганиш учун ҳукумат комиссияси тузилди. Ҳодиса оқибатида уч киши ҳалок бўлди.
Россия Федерацияси ФХХ ва Тергов қўмитаси Қрим кўпригидаги теракт ташкилотчиси Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси, унинг бошлиғи Кирилл Буданов, ходимлари ва агентлари бўлганини иддао қилмоқда. Қрим кўпригидаги портлаш бўйича очилган жиноят иши доирасида 8 киши, жумладан, беш нафар Россия, уч нафар Украина ва Арманистон фуқаролари қўлга олинди.
Қрим кўприги Россиядаги энг узун кўприк бўлиб, унинг узунлиги 19 километрни ташкил қилади. Автомобиль қисми 2018 йил май ойида фойдаланишга топширилган. 2019 йил декабрь ойида эса унинг темир йўл қисми бўйлаб биринчи поездлар ҳаракатланган.