Путин ЛХРни “озод қилган” ҳарбийларни қуруқ қўймоқчи эмас

Олам 10584
image
-

Бугун, 4 июль куни Россия Президенти Владимир Путин мамлакат Мудофаа вазири, армия генерали Сергей Шойгуни (Ўзбекистонда тан олинмаган – таҳр.) Луганск Халқ Республикасининг озод қилингани билан табриклади. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

Қайд этилишича, Россия етакчиси Сергей Шойгу билан учрашувда “ушбу ҳарбий операция”да иштирок этган барча ҳарбий хизматчиларни мукофотлашга ваъда берган.

Путиннинг сўзларига кўра, Россия Украинадаги урушни давом эттиради. Аммо унда ЛХРни озод қилишда иштирок этган ҳарбийлар иштирок этмайди. 

“Лисичанскни озод қилишда қатнашган “Марказ” ва Жанубий қўшинлар гуруҳининг бўлинмалари дам олиб, жанговар салоҳиятини ошириши зарур. Айни пайтда “Ғарб” ва “Шарқ” гуруҳлари режа асосида ўз ҳаракатларини давом эттириши керак”, деган Путин.

Сергей Шойгуга кўра, икки ҳафта ичида Россия ва Луганск кучлари 25 та аҳоли пунктини “озод қилган”, уларнинг энг йириклари Северодонецк, Лисичанск, Золоте, Горское ва Волчеяровка бўлган.

Украина Қуролли Кучларининг умумий йўқотишлари 5469 кишини ташкил этган. Бундан ташқари, Украина томони 196 та танк ва зирҳли транспорт воситаларини (яна 39 таси Лисичанскда ташлаб кетилган), 166 та қурол ҳамда миномётларни, 97 та ракета отиш мосламаларини, 216 та транспорт воситаларини ва 6 та узоқ масофага мўлжалланган зенит-ракета тизимини йўқотган. Украина авиациясининг йўқотишлари эса 12 та самолёт, вертолёт ва 65 та дронни ташкил этган.

“Ҳозир Лисичанскда миналардан тозалаш ва гуманитар юкларни етказиб бериш ишлари олиб борилмоқда, аҳолига тиббий ёрдам кўрсатилмоқда”, деган Россия Мудофаа вазири.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 24
Рейтинг: 3.5
t
×