Путин Исроилдаги қуролли тўқнашувларни тўхтатиш йўлини айтди
Олам
−
10 Октябрь 2023
50184Россия Президенти Владимир Путин Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги қуролли тўқнашувларни АҚШ сиёсати муваффақиятсизлигининг яққол мисоли деб атади. Бу ҳақда у бугун, 10 октябрь куни Ироқ Бош вазири Муҳаммад ал-Суданий билан учрашувда айтиб ўтди.
Унинг фикрича, Қўшма Штатлар Яқин Шарқдаги сиёсатида Фаластин халқи манфаатларини менсимаган.
“АҚШ ҳар икки томонга босим ўтказди. Дастлаб бирига, кейин иккинчисига. Лекин ҳар сафар Фаластин халқининг туб манфаатлари ҳисобга олинмади. Мен, биринчи навбатда, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг мустақил суверен Фаластин давлатини яратиш тўғрисидаги қарорларини амалга ошириш зарурлигини назарда тутяпман”, деган Президент.
Путиннинг фикрича, Исроил ва Фаластин ўртасидаги можаро Яқин Шарқдаги қароргоҳни монополияга олишга уринган АҚШ сиёсатининг муваффақиятсизлигидир.
"Қўшма Штатлар иккала томон учун, Фаластин халқи учун мақбул бўлган муроса йўлини топиш билан шуғулланмади", дейди Россия етакчиси.
Унинг сўзларига кўра, можаро пайтида тинч аҳолига етказилган зарарни "минималлаштириш ва нолга тушириш" керак ҳамда барча низолашаётган томонларнинг бунга амал қилиши тинчликка эришиш учун муҳим.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланганди. Кейинчалик ҲАМАС ҳаракати Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошлаганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.
Венесуэла Президенти Николас Мадуро АҚШ ва Европа минтақавий урушдан жаҳон урушига айланиб кетиш хавфини туғдираётган бу можарони тўхтата олиши, лекин улар оловга мой сепаётганини айтганди. Украина Президенти Владимир Зеленский эса Россиянинг Яқин Шарқда можаро қўзғатишдан бевосита манфаатдор эканини қайд этди.
LiveБарчаси