Путин дунёни хотиржам қиладиган хабарни айтди
Олам
−
24 Июнь 2022
66817Россия жорий йил мўл ҳосил олишни режалаштирмоқда ва мамлакат жаҳон бозорига 50 миллион тоннага яқин ғалла етказиб бера олади. Бу ҳақда бугун, 24 июнь куни Россия Президенти Владимир Путин БРИКС саммитидаги чиқиши чоғида айтиб ўтди, дея хабар берди РИА Новости.
“Ҳосилимиз яхши. Худо хоҳласа бизда ҳаммаси яхши бўлади. Жорий йилда катта эҳтимол билан жаҳон бозорларига 50 миллион тонна дон етказиб бера оламиз”, дейди Россия Президенти.
Путиннинг таъкидлашича, Россия нафақат дон, балки ўғитлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва бошқа муҳим маҳсулотлар бўйича ҳам ўз мажбуриятларини виждонан бажаришга тайёр.
“Россия жаҳон озиқ-овқат бозорининг муҳим ва масъулиятли иштирокчиси. Биз қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, ўғитлар, энергия ташувчилар ҳамда бошқа муҳим маҳсулотларни етказиб бериш бўйича барча шартнома мажбуриятларини виждонан бажаришга тайёрмиз”, дейди Путин.
Унинг сўзларига кўра, Украина ғалласини Қора денгиз орқали ташишни тўхтатиш ҳақида "истерия сунъий равишда оширилмоқда". Турли ҳисоб-китобларга кўра, қарийб беш-олти миллион тонна буғдой ва етти миллион тонна маккажўхори тўсиб қўйилган ва бу жаҳон бозорида ҳеч қандай муаммони ҳал қилмайди.
“Аммо гап бунда ҳам эмас: мен кўп марта очиқ айтдим, яна бир бор таъкидламоқчиманки, Россия Украина ғалласини ушбу мамлакат ҳудудидан ташқарига олиб чиқишга тўсқинлик қилмаяпти ва донли кемаларнинг мамлакатга эркин ўтишини таъминлашга тайёр”, дея қўшимча қилди Россия етакчиси.
Унга кўра, муаммони ҳал қилиш учун Киевнинг конструктив позицияси зарур, бироқ ҳозир уларда бу позиция мавжуд эмас.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти дон етишмаслиги сабабли глобал озиқ-овқат инқирози хавфи ҳақида бир неча бор гапирган. Ғарб давлатлари Москва Украинадан ғалла экспортига тўсқинлик қилаётганини даъво қилмоқда, Россия томони айбловларни рад этяпти.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси