Путин асирларни алмаштириш таклифига муносабат билдирди
Олам
−
27 Май 2022
21947Россия Украина билан асирларни алмашиш масаласида музокарага тайёр. Бу ҳақда Президент Владимир Путин Австрия канцлери Карл Нехаммер билан телефон орқали мулоқот чоғида айтган, дея хабар берди OE24.
Нехаммернинг сўзларига кўра, Путин ҳарбий асирларни алмашишда Қизил Хоч ташкилоти иштирок этиши керак, деб ҳисоблаган.
Канцлернинг таъкидлашича, Россия раҳбари билан суҳбатда Украина портлари орқали гуманитар ёрдам кўрсатиш ва экспорт қилиш масаласи ҳам муҳокама қилинган. Яна бир мавзу маҳбуслар алмашинуви бўлган, деб ёзмоқда “Kurier” нашри.
“Путин маҳбусларни алмашиш бўйича саъй-ҳаракатлар кучайтирилишини ва тез орада бундай алмашиш амалга ошиши мумкинлигини айтди”, деган Нехаммер.
Унга кўра, Путин Россия газ етказиб бериш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришига ваъда берган. Нехаммер агар “Газпром Хайдахдаги ерости газ омборидан фойдаланмаса, Австрия уни бошқа компанияларга таклиф қилиши ҳақида огоҳлантирган.
“Суҳбат жуда қизғин, жуда жиддий бўлди ва бу можароларни ҳал қилиш йўлидаги яна бир қадам”, дея хулоса қилган Нехаммер.
Кремль Матбуот хизмати Вена ва Москва глобал озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашганини қайд этди.
“Владимир Путин жаҳон бозорларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб беришдаги қийинчиликлар учун жавобгарликни Россия зиммасига юклашга уринишлар асоссиз эканлигини таъкидлади”, дейилади хабарда.
Путин, шунингдек, Украина блокланган кемаларнинг эркин ўтиши учун денгиз портларини тозалаши кераклигига эътибор қаратган.
Аввалроқ Туркия Ташқи ишлар вазири Мевлуд Чавушўғли ҳарбий асирларни алмашиш борасидаги Россия ва Украина музокаралари давом этаётганини, аммо қолган масалалар юзасидан муҳокамалар тўхтаб қолганини айтганди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 21 май куни Россия “Азовсталь” заводи ҳудуди бутунлай рус қўшинлари назоратига ўтганини эълон қилди. Россия Мудофаа вазирлиги 20 май кун давомида заводда бўлган 531 кишидан иборат сўнгги гуруҳ таслим бўлгани, жами эса 2439 киши қуролини ташлаганини маълум қилди.
Маълумот ўрнида, “Азовсталь” заводида назоратни ушлаб турган украин ҳарбийлари 16 май куни таслим бўлишни бошлади. Ўша вақтга қадар, бир ярим ойдан кўпроқ вақт давомида завод Мариуполдаги рус қўшинларига қаршилик кўрсатадиган ягона объект бўлиб турди.
Ҳарбийларнинг ўзлари, таслим бўлиш бошланишидан олдин, қўмондонлик буйруғига риоя қилаётганини таъкидлади. Украина ҳукумати “эвакуация операцияси”га ишора қилиб, “таслим бўлиш” иборасидан қочди ва “Азовсталь” ҳарбийлари асирга олинган русларга алмаштирилишини айтди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси