Путин 9 майда Украина урушидаги ғалабасини эълон қилмоқчи – CNN
Олам
−
04 Апрель 2022
19736АҚШ разведкасининг сўнгги баҳолари билан таниш бўлган бир қанча америкалик расмийларга кўра, Россия май ойи бошида Донбасс ва Украина шарқидаги бошқа ҳудудларни назорат қилиш учун Украинадаги ҳарбий стратегиясини қайта кўриб чиққан. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Қайд этилишича, бир ойлик урушдан сўнг, Россия қуруқлик кучлари ўзлари жанг қилаётган ҳудудларда назоратни ушлаб қола олмаяпти.
Владимир Путиндан ғалабани намойиш этиш талаб қилинади ва шарқий Украина бу муваффақиятга эришадиган ҳудуд бўлади, деган расмийлар. АҚШ разведкаси маълумотларига кўра, Путин 9 май – Россиянинг Ғалаба кунини мўлжалламоқда. Шу куни у қандайдир ғалабани нишонламоқчи.
“Путин уруш ёки тинчлик музокаралари ҳолати қандай бўлишидан қатъи назар, 9 май куни Ғалаба байрами парадини ўтказади”, деган Европа Мудофаа вазирлиги вакили.
Бироқ АҚШ ва Европа расмийларининг таъкидлашича, Москва сўзда белгилаши мумкин бўлган ҳар қандай муддат Россия Чеченистон сценарийси каби узоқ давом этадиган урушга тайёрланаётгани ҳақиқатини ўзгартирмайди.
Украина расмийлари ҳам бу санани очиқчасига айтишган.
“9 май арафасида Путин ушбу урушда Ғалаба парадини ўтказиш вазифасини қўйди”, деган Украина Хавфсизлик кенгаши котиби Алексей Данилов.
Аввалроқ Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Киевни озод этишга муваффақ бўлингани билан энг даҳшатли жанглар ҳали олдинда эканини айтганди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси