Энг даҳшатли уруш ҳали олдинда – Кулеба
Олам
−
04 Апрель 2022
20992Энг даҳшатли уруш ҳали олдинда, Украина Киевдаги жангда ғалаба қозонди, аммо жанубда ва Донбассда ҳақиқий уруш бошланиш арафасида. Бу ҳақда Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Италиянинг “Corriere della Sera” газетасига берган интервьюсида маълум қилди.
“Энг ёмони ҳали олдинда. Украина Киевдаги жангда ғалаба қозонди, бироқ Донбасс ва жанубда уруш бошланиш арафасида. Мариуполдаги вайронагарчилик кўрсатганидек, бу даҳшатли ва ҳалокатли бўлади. Биз тайёрмиз, чекинмаймиз ва сизларнинг қўллаб-қувватлашингизга умид қиламиз”, деган вазир.
Украина дипломатияси раҳбари Россия билан музокаралар жараёни ҳақида ҳам гапирган.
“Музокаралар давом этмоқда, бироқ барча асосий масалалар ҳал этилмаган. Бошқа томондан, Россия армияси инсониятга қарши жиноятлар содир этиб, шаҳарларимизга қуруқликдан зарба бериш ва ракеталарни отишда давом этмоқда. Ҳарбий тажовуз музокараларда эришилган кичик муваффақиятимизга қараганда қонли ва бузғунчироқ бўлиб бормоқда”, деган Кулеба.
Вазирга кўра, Украинада Россия бошқа ҳужум қилмаслигига ишонч ҳосил қилишни исташади, лекин улар Москвага ишонмайди.
Хитойнинг позицияси ҳақида фикр билдирган украиналик вазир Пекин эҳтиёткор нейтрал позицияда қолаётганини таъкидлади.
“Бизда Хитой Россияни қўллаб-қувватлаётгани ҳақида ҳеч қандай далил йўқ. Уларнинг энг муҳим манфаатлари жаҳон иқтисодиётига зиён етказаётган урушни тўхтатиш ва биз ҳам шу фикрдамиз”, дея давом этган Кулеба.
Вазир Италия жамоатчилигини Украинага урушни қисқа вақт ичида тугатишга ёрдам беришга чақирган.
Кулеба, шунингдек, Киев Россия Федерациясининг махсус ҳарбий операцияси бошланишидан анча олдин Рим папаси Францискнинг мамлакатга ташрифи устида иш олиб бориш бошланганини таъкидлаган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15