Порошенко Украинага келяпти. У ҳам Навальний сингари ҳибсга олинадими?

Олам

image

Украинанинг собиқ президенти Пётр Порошенко бугун, 17 январь куни Фредерик Шопин номидаги Варшава аэропортига етиб келди. У бир соатдан кейин Киевга учиб кетади. Бу ҳақда воқеа жойидан ТАСС мухбири хабар берди. 

Порошенкони аэропортда бир неча ўнлаб журналистлар кутиб олган. Мухбирларнинг саволларига жавоб берар экан, у Киевда ҳибсга олинишидан қўрқмаслигини айтган. “Ҳақиқат орқамда. Украина халқи мен томонда”, дейди собиқ Президент.  У “Мен ҳибсга олишларига ҳозирлик кўрмадим", дея қўшимча қилган. 

Собиқ давлат раҳбари Wizz Air рейси учун олдиндан рўйхатдан ўтган ва аэропортга келганидан сўнг дарҳол хавфсизликни назорат қилиш ҳудудига йўл олган. 

Аввалроқ, Порошенко Киевга 17 январь куни етиб боришини маълум қилганди. Шу куни Киевнинг Печерский туман суди мажлиси режалаштирилган бўлиб, унда собиқ президентни ҳибсга олиш ҳақидаги ариза кўриб чиқилади. Суднинг жорий йил 6 январдаги қарори билан собиқ президентнинг мол-мулкига тақиқ қўйилди. Порошенко ушбу суд мажлисида қатнашиш нияти борлигини тасдиқлади, бироқ ҳибсга олинмаслигига ишонч билдирди, чунки бунинг учун қонуний асослар йўқ. У ҳибсланса, биринчи навбатда “Украинанинг амалдаги Президенти Владимир Зеленскийга зарар келтираман”, деб ҳисоблайди. 

Собиқ президент 2014-2015 йилларда Донбассдан кўмир етказиб бериш бўйича жиноий ишда айбланувчи ҳисобланади. Унга Украина Жиноят кодексининг “Терроризмни молиялаштириш”,  “Давлатга хиёнат” ва “Террорчи ташкилот тузиш” моддалари бўйича иш қўзғатилган. Порошенкони мол-мулкини мусодара қилиш ёки мусодара қилмасдан 15 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши кутмоқда. 2021 йил декабрь ойида терговчилар унга чақирув қоғозини бермоқчи бўлган, бироқ собиқ президент уларга эътибор бермай, ўша куниёқ Туркияга учиб кетган. Порошенконинг партияси собиқ президент “олдиндан режалаштирилган дипломатик сафари билан Туркия ва Польшага жўнаб кетганини” хабар қилган. 

Маълумот учун, бир неча кун аввал Порошенко амалдаги давлат раҳбари Зеленскийни диктаторликда айблаганди. У шундай деб ёзган: 

“Сиз диктаторликка даъво қилган ҳар бир одам қўл урадиган ишни қилишга ҳаракат қиляпсиз – демократияни диктатурага алмаштирмоқчисиз. Сиз гречка ва “Дия” (“Ҳаракат” – таҳр.) орқали овозларни сотиб олиш учун мажоритар тизимни қайтаришни хоҳлайсиз, чунки бу сизнинг ягона имкониятингиз. Сиз очиқ рўйхатли сайлов тизимини бекор қилмоқчисиз. Сиз худди 2021 йилги сайловлардаги каби демократияни йўқ қилмоқчисиз. Сиз парламент сайловларидан қўрқасиз ва шунинг учун уларни кейинга қолдирмоқчисиз. Чунки парламент сайловларидан кейин президентлик сайловларида имкониятингиз қолмайди. Сиз эса Порошенко ҳақидаги видеолавҳалар билан эътиборни нотўғри ҳисоб-китобларингиздан ва ўз лаёқатсизлигингиз туфайли мамлакатда юзага келган кескин вазиятдан чалғитмоқчи бўлаяпсиз”.

Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальний ўтган йилнинг 20 августида Россиянинг Томск шаҳрида заҳарланганидан сўнг, Германияда 4 ой даволаниб, у ҳам 2021 йилнинг 17 январь куни Россияга қайтди ва дарҳол ҳибсга олинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Пётр Порошенко

Баҳолаганлар

74

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг