Польшага қулаган ракетани Россия учирганми? Байден дастлабки хулосаларни айтди

Олам

image

Дастлабки маълумотларга кўра, Польшага қулаган ракета Россиядан учирилмаган. Бу ҳақда бугун, 16 ноябрь куни АҚШ Президенти Жо Байден маълум қилди. 

“Бизда мавжуд бўлган дастлабки маълумотлар буни рад этади. Тергов якунланмагунча аниқ айта олмайман, аммо ракета Россиядан учирилган бўлиши даргумон” дейди Оқ уй раҳбари.

У Польшадаги воқеа муносабати билан Индонезиянинг Бали оролида дунёнинг бир қатор етакчилари иштирокида ўтказилган фавқулодда йиғилишдан сўнг журналистлар билан мулоқот қилди. 

АҚШ Президентининг қайд этишича, учрашувда етакчилар Варшавани Польшадаги портлашларни текширишда қўллаб-қувватлашга келишиб олган. 

"Текширув олиб борилаётган пайтда биз биргаликда ишлаймиз ва кейинги қадамлар қандай бўлишини ҳал қиламиз", дейди Америка давлати раҳбари.

Шу билан бирга, Байден Балида G20 саммити давом этаётган бир пайтда ҳам Россия Украинанинг муҳим инфратузилмасига зарба беришдан тўхтамаётганини қайд этди. 

“Россия қилаётган иш мутлақо уяциз”, дейди АҚШ Президенти. 

Байден билан учрашувда Германия канцлери Олаф Шольц, Канада Бош вазири Жастин Трюдо, Франция Президенти Эммануэль Макрон, Италия Бош вазири Жорж Мелони, Япония Бош вазири Фумио Кисида, Буюк Британия Бош вазири Риши Сунак, Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен ва Европа Кенгаш президенти Шарль Мишель иштирок этган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 15 ноябрь куни тушдан кейин Россия армияси Украинага йирик ракета ҳужуми уюштирган пайтда Польша ҳудудига иккита ракета тушди. Ракеталар Украина билан чегарадан беш километр узоқликда жойлашган Люблин воеводалиги (Польшадаги энг йирик маъмурий бирлик)нинг Пшеводув қишлоғи ҳудудига тушган. Ҳодиса оқибатида портлаш юз берган, икки киши қурбон бўлган.  

Россия Федерацияси Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков CNN телеканалига Польшадаги воқеа ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини айтди. Россия Мудофаа вазирлиги эса Польша оммавий ахборот воситалари ва расмийларининг Россия ракеталарининг Пшеводув аҳоли пункти ҳудудида қулаши ҳақидаги баёнотларини "вазиятни кескинлаштириш учун атайлаб қилинган провокация" деб атади.  


Мақола муаллифи

Теглар

Польшага қулаган ракета Жой Байден

Баҳолаганлар

205

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг