Катта эҳтимол билан Польшага тушган ракета Украинаники – АҚШ Мудофаа вазири
Олам
−
17 Ноябрь 2022
7414АҚШ расмийларида мавжуд бўлган маълумотлар Польша расмийларининг Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа ракетаси ушбу мамлакат ҳудудига қулагани ҳақидаги хулосаларини тасдиқлайди. Бу ҳақда кеча, 16 ноябрь куни АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин маълум қилди.
“Биринчидан, тергов ҳали ҳам давом этмоқда, Польша уни олиб бормоқда. Биз ҳар томонлама ёрдам бермоқдамиз. Мутахассисларимиз у ерда, улар Польша раҳбариятига ёрдам беришмоқда”, деди Остин Украина етакчиси Владимир Зеленскийнинг ракета Украинаники эмаслиги ҳақидаги сўзларига изоҳ бераркан.
У АҚШ Польшанинг ушбу терговни тўғри олиб бориш қобилиятига тўлиқ ишонишини урғулади.
“Тергов якунланмагунча, менимча, хулоса чиқаришга эрта”, дея қўшимча қилди у.
Остин Польшага қулаган ва икки кишининг ўлимига сабаб бўлган ракета катта эҳтимол Украинага тегишли бўлганини урғулаган.
"Тергов бўйича биз ўзимиздан ўзиб кетмаймиз. Аммо бизнинг маълумотларимиз [Польша] Президенти Анжей Дуданинг аввал айтган сўзларини, унинг дастлабки баҳоларини тасдиқлайди. Бу, эҳтимол, Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа ракетаси туфайли содир бўлган”, дея қўшимча қилди у.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15 ноябрь куни Польша шарқида, Украина билан чегарада жойлашган Пшеводув (Люблин водийси) қишлоғига ракета қулаб тушди ва икки киши ҳалок бўлди. Мамлакат Президенти Анжей Дуданинг сўзларига кўра, бу Польшага атайлаб қилинган ҳужум эмас. Варшавада маълум бўлишича, 1970-йилларда ишлаб чиқарилган С-300 типидаги зенит-ракета тизимининг ракетаси Украина ракетага қарши мудофаа/ҳаво ҳужумига қарши мудофаа кучлари томонидан ишлатилган.
Польша ҳукумати 16 ноябрга ўтар кечаси Хавфсизлик ва мудофаа қўмитаси йиғилишини ўтказди. Бундан ташқари, Варшава НАТО, АҚШ ва бошқа иттифоқчилар билан маслаҳатлашди. Дуда НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг, АҚШ Президенти Жо Байден ва Украина етакчиси Владимир Зеленский билан телефон орқали мулоқот қилди. Польша ҳукумати ҳам турли даражадаги ҳамкорлар билан музокаралар олиб бормоқда. Польша ҳукумати барча хизматларни юқори шай ҳолатга келтириш ва ҳаво ҳудуди мониторингини кучайтиришга қарор қилди.
Россия Мудофаа вазирлиги Польша оммавий ахборот воситалари ва расмийларининг Россия ракеталари қулагани ҳақидаги баёнотларини провокация деб атади ва Украина-Польша чегараси яқинида Россия қуролларининг зарбалари йўқлигини айтди.
LiveБарчаси