Умаров АҚШга Россиядаги нишонлар рўйхатини топширди

Олам

image

Украина Мудофаа вазири Рустам Умаров Вашингтонга ташрифи чоғида Америка томонига Россия ҳудудига чуқур зарба бериш учун мўлжалланган нишонлар рўйхатини топширганини тасдиқлади. Бу ҳақда у CNN телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

“Биз аҳолини Россия терроридан ҳимоя қилиш учун қандай имкониятларга эга бўлишимиз кераклигини тушунтирдик ... шунинг учун бизни эшитишди, деб умид қиламан”, дейди вазир.

Умаровнинг сўзларига кўра, зарбалар учун армиянинг ATACAMS тактик ракета тизимларидан фойдаланиш мумкин. 

“Биз уларнинг самолётларининг шаҳарларни бомбалаш учун чегарамизга яқинлашишига йўл қўймоқчи эмасмиз”, дея қўшимча қилди вазир.

CNN'нинг ёзишича, Америка Қўшма Штатлари ATACAMS'дан фойдаланиш бўйича чекловларни юмшатиши кутилмаяпти.

“Сиз украиналиклар АҚШ хавфсизлик ёрдамидан трансчегаравий ҳужумлардан мудофаа қилиш, бошқача қилиб айтганда, ўт очиш учун фойдаланиши мумкин, деган гапларимизни эшитгансиз. Аммо узоқ масофали зарбалар, Россия ҳудудига чуқур зарбалар беришга келсак, бизнинг сиёсатимиз ўзгармади", деди Пентагон матбуот котиби генерал-майор Патрик Райдер шу ҳафта бошида.

Вашингтон АҚШ омборларидаги чекланган миқдор ва комплексларни ишлаб чиқариш муддати узоқлиги сабабли Киев ATACAMS'нинг муҳим янги етказиб берилишини кутмаслиги кераклигини аниқ айтди.

АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин 30 август куни Вашингтонда Умаров билан учрашди. Пентагон раҳбари Россиянинг Украинадаги муҳим фуқаролик инфратузилмасига уюштирган ҳужумларини қоралади ва Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари Киевга ўзини ҳимоя қилиш учун асосий имкониятларни тақдим этишда давом этишини айтди.

"Мен шуни айтмоқчиманки, тинч аҳолига қилинган ҳужумларга йўл қўйилмайди ва Украинанинг чидамлилиги Путиннинг тажовузкорлиги ва ваҳшийликларига қарши ғалаба қозонишга ёрдам беради", деб таъкидлади у.

Учрашув Украина мудофааси бўйича контакт гуруҳининг (Рамштейн формати) сентябрь ойида бўлиб ўтадиган навбатдаги йиғилиши олдидан бўлиб ўтди. Алоқа гуруҳи Украинага ҳарбий юкларни етказиб бериш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириб, уларни етказиб беришни тезлаштириш йўлларини ўрганмоқда.

DPA агентлигига кўра, учрашув 6 сентябрь куни бўлиб ўтади. Алоқа гуруҳига 50 га яқин давлат киради. Музокараларга НАТОга аъзо бўлмаган давлатлар ҳам таклиф қилинган. Бу гуруҳнинг 24 йиғилиши бўлади, музокараларнинг асосий қисми видеоконференция форматида ўтказилади.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия Украина Пентагон Ллойд Остин Рустам Умаров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг